Жиззахлик ўқитувчилар совриндор бўлишди
Жиззах вилояти ўқитувчилари яна бир муҳим спорт ютуғини қўлга киритишди. Волейбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасининг республика босқичида Арнасой туманидаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактаби аёллар жамоаси муносиб иштирок этиб, фахрли учинчи ўрин соҳибига айланишди.
Мамлакатимизда таълим тизими ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, оммавий спортни ривожлантириш, айниқса, педагог хотин-қизларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда жамоавийлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида анъанавий тарзда ташкил этилаётган мазкур мусобақа бу йил ҳам юқори савияда ўтказилди. Республика босқичида ҳудудий саралаш баҳсларида ғолибликни қўлга киритган энг кучли жамоалар ғолиблик учун ўзаро куч синашишди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда Арнасойлик устозлар нафақат техник маҳорати, балки ўзаро ҳамжиҳатлиги, матонати ва ғалабага интилиши билан ҳам ажралиб турди. Бу эса жамоага республика миқёсидаги нуфузли мусобақада совриндорлар сафидан ўрин эгаллаш имконини берди.

Эришилган муносиб натижа учун жамоа 70 миллион сўм пул мукофоти ҳамда “Дамас” русумли автомобиль билан тақдирланди. Бу эътироф педагогларни оммавий спортга кенг жалб этиш, уларнинг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилаётган эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Мусобақанинг пухта ташкилий асосда ўтказилгани, ҳакамликнинг холислиги ҳамда иштирокчилар учун яратилган шарт-шароитлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Беллашувлар нафақат рақобат муҳитини кучайтирди, балки турли ҳудудлардан келган педагоглар ўртасида тажриба алмашиш, дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.

Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан совриндор жамоа муносиб тақдирланди ва уларнинг келгусида республика ҳамда халқаро майдонларда янги ютуқларга эришишига ишонч билдирилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири