Жиззахдаги янги иншоотлар – фаровон ҳаёт мезони
Мустақилликнинг 35 йиллиги бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланаётган шу кунларда Жиззах вилоятида янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари янги босқичга кўтарилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ҳудудларда барпо этилаётган ижтимоий объектлар, таъмирланаётган йўллар, замонавий жамоат масканлари ва хавфсизлик инфратузилмаси, аввало, аҳоли учун қулай ва муносиб ҳаёт шароитини яратишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев, жамоатчилик вакиллари ҳамда соҳа мутасаддилари иштирокида бир қатор янги ва реконструкция қилинган объектлар Мустақилликнинг 35 йиллигига байрам туҳфаси сифатида фойдаланишга топширилди.
Уларнинг ҳар бири ҳаётнинг муайян бир эҳтиёжига жавоб беради. Олис ҳудудлардаги ўқувчилар учун хавфсиз қатнов имконияти яратилса, шаҳарда пиёдалар ҳаракати учун қулайлик оширилмоқда. Транспорт инфратузилмаси янгиланиб, тиббий хизмат учун янги имкониятлар очилмоқда. Маҳалла ва ички ишлар органлари учун замонавий бинолар иш бошлаётган бўлса, аҳолининг маданий ҳордиғи учун янги масканлар бунёд этилмоқда.
Бу жараённинг бир қисми сифатида олис ҳудудларда жойлашган мактабларга 15 та микроавтобус топширилди. Қиймати 6,5 миллиард сўм бўлган ушбу транспорт воситалари ўқувчиларнинг таълим муассасаларига хавфсиз ва қулай қатновини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, боланинг мактабга бориши оддий қатнов эмас, унинг таълим олиш ҳуқуқини тўла рўёбга чиқариш билан боғлиқ муҳим масаладир.
Шароф Рашидов туманида ҳам аҳоли ҳаётига бевосита дахлдор бир қатор объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, “Мустақилликнинг 35 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино ҳамда ички ишлар органларининг 1-сон бўлими иш бошлади. Замонавий талаблар асосида барпо этилган мазкур иншоотлар маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, давлат хизматларидан фойдаланиш учун қулай шароит яратиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
[gallery-31187]
Туманда давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлининг 9,2-километрида жойлашган йўл ўтказгичнинг ҳам капитал таъмири якунланди. Умумий узунлиги 1 минг 46 погон метр бўлган мазкур иншоотда амалга оширилган ишлар натижасида унинг техник ҳолати яхшиланди. Эндиликда ушбу йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари учун янада хавфсиз ва қулай шароит мавжуд.
Жиззах шаҳридаги ўзгаришлар эса шаҳар муҳитининг янада қулайлашиб бораётганини кўрсатмоқда. Шароф Рашидов ва Буюк Турон кўчалари кесишмасида янги ер ости пиёдалар йўлаги барпо этилди. Лойиҳа 2026 йил февраль ойида бошланган бўлиб, унинг умумий қиймати 29,5 миллиард сўмни ташкил этади.
Йўл ҳаракатида пиёда ва транспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш бугун шаҳар инфратузилмасининг энг муҳим талабларидан бири. Шу жиҳатдан мазкур ер ости йўлаги шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг ҳаракатланиши учун қўшимча қулайлик яратади.
Жамоат хавфсизлиги йўналишида ҳам муҳим қадам ташланди. Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасида Тезкор бошқарув маркази фойдаланишга топширилди. Марказ орқали ҳудуддаги вазиятни тезкор мониторинг қилиш, юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни таҳлил этиш, масъул хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва зарур чораларни ўз вақтида кўриш имкониятлари кенгаяди.
Инфратузилманинг яна бир муҳим йўналиши – инсон саломатлиги. Жиззах шаҳридаги Болалар шифохонасининг фойдаланишга топширилиши ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади. Замонавий талаблар асосида ташкил этилган тиббиёт муассасаси болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, улар саломатлигини муҳофаза қилиш ва шифокорлар меҳнати учун зарур шароитларни яратиш имконини кенгайтиради.
Шаҳар аҳолисининг мазмунли ҳордиғи ва маданий ҳаёти учун эса 19,5 гектар майдонда барпо этилган “Истиқлол” маданият ва истироҳат боғи ўз эшикларини очди.
Боғ ҳудудида учта аттракцион, 15 та савдо нуқтаси, бешта умумий овқатланиш шохобчаси, ёзги театр ва фаввора ташкил этилган. Шунингдек, еттита ёдгорлик ва санъат асари, 700 метрлик югуриш ва сайр қилиш йўлаги ҳамда иккита велосипед йўлаги барпо этилган. Демак, бу маскан шунчаки сайргоҳ эмас, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, спорт билан шуғулланиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун қулай муҳитга айланади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг қамрови бу билан чекланмайди. Вилоят бўйлаб, мустақиллик шукуҳи кезиб юрган шу бугунги кунларда 200 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектлари, йўл ўтказгичлари ва жамоат боғлари барпо этилиб, реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилаётир.
Муҳими, бугун Жиззахда қад ростлаётган ҳар бир янги иншоотни фақат бунёдкорлик статистикаси билан баҳолаб бўлмайди. Мактабга элтадиган автобусда боланинг хавфсизлиги, таъмирланган йўл ўтказгичда одамларнинг осойишта ҳаракати, янги шифохонада бола саломатлиги, замонавий марказда жамоат хавфсизлиги, обод боғда эса инсоннинг мазмунли дам олишга бўлган эҳтиёжи мужассам.
.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири