Жиззахда “Талаба – югур!” марафони
Жиззах шаҳрида “Талаба – югур!” марафони соғлом рақобат ва ёшларга хос шижоат билан бошланиб, чин маънода спорт байрамига айланди.
Тонгги мусаффо ҳаво, майин шабада ва баланд руҳ остида ўтган марафонда шаҳардаги олий таълим муассасалари талабалари фаол иштирок этди. Старт чизиғиданоқ сезилган жўшқинлик финишга қадар пасаймади – ҳар бир иштирокчи ўз имкониятини синовдан ўтказиш, ғалаба сари интилиш ва, энг муҳими, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этиш мақсадида майдонга чиққан эди.
Жами 1200 дан ортиқ иштирокчи 3 километр масофани босиб ўтар экан, бу нафақат спорт мусобақаси, балки ирода ва сабр имтиҳонига айланди.
Мусобақа натижаларига кўра, Жиззах давлат педагогика университети талабалари мутлақ устунликни намоён этди. Ҳакамлар қайд этганидек, барча фахрли ўринлар айнан ушбу таълим даргоҳи ёшларига насиб этди.
Талаба қизлар ўртасидаги беллашув айниқса қизғин ва муросасиз кечди. Марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтган Жиззах давлат педагогика университети талабаси Феруза Хайруллаева нафақат тезкорлиги, балки юқори тайёргарлиги билан ҳам ажралиб турди. Ундан кейинги ўринларни ҳам унинг университетдошлари Шаҳризода Холматова ҳамда Дилдора Жўраева эгаллади.
Талаба йигитлар баҳсида ҳам ЖДПУ вакиллари етакчиликни қўлдан бермади. Шаҳобиддин Абдуқаюмов биринчи бўлиб финишга етиб келган бўлса, Учқин Ахматов иккинчи, Ислом Абдукаримов учинчи ўринни эгаллади.
Марафон ғолибаси Феруза Хайруллаевадан қисқача интервью олдик:
— Бугунги ғалабангиз сирини нимада деб биласиз?
– Аввало, бу ғалаба ортида мунтазам меҳнат ва интизом ётибди. Ҳар куни эрталаб машқ қилишга одатланганман. Энг муҳими, ўзимга ишондим ва охиригача курашдим.
[gallery-28614]
– Марафон давомида энг қийин палла қайси бўлди?
– Масофанинг охирги қисми, албатта. Чарчоқ сезилди, лекин шу пайтда устозларим ва дўстларимнинг қўллаб-қувватлови куч бағишлади.
– Ёшларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
– Спорт билан дўст бўлишсин. Бу нафақат соғлиқ, балки ирода ва тартибни ҳам шакллантиради. Ҳеч қачон тўхтаб қолмаслик керак.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Бироқ бугунги тадбирда энг катта ютуқ ёшларнинг спортга бўлган муҳаббати ва соғлом турмуш тарзига интилиши бўлди.
“Талаба – югур!” марафони бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати, оммавий спорт ҳаракатларининг амалий ифодаси сифатида тобора кенг қулоч ёймоқда. Бундай ташаббуслар ёш авлодни янада катта марралар сари чорлаб, улар қалбида ғалабага ишонч уйғотиши, шубҳасиз.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари