Жиззахда металлургия соҳаси тобора ривожланмоқда
Жиззах вилоятида саноатни таркибий жиҳатдан янгилаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар металлургия тармоғида ҳам аниқ иқтисодий натижаларни таъминламоқда. Ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини изчил амалга ошириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш соҳанинг барқарор ўсиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–май ойларида республика бўйича металлургия саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 151,8 триллион сўмга етди. Шу даврда Жиззах вилояти ҳиссасига 192 миллиард сўмлик металлургия маҳсулотлари тўғри келди.
Мазкур кўрсаткичлар ҳудудда саноатни диверсификация қилиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган тизимли ишлар изчил давом этаётганини кўрсатади. Айниқса, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, технологик жиҳатдан замонавий ускуналарни жорий этиш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш металлургия тармоғининг иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамламоқда.

Сўнгги йилларда Жиззах вилоятида саноат инфратузилмасини ривожлантириш, ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улушини ошириш устувор вазифалардан бирига айланди. Бу эса металлургия саноатида ишлаб чиқариш суръатларини изчил ошириш, янги қувватларни ишга тушириш ҳамда тармоқнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу йўналишда давлат сиёсати ҳам изчил такомиллаштирилмоқда. Хусусан, 2026 йил 15-июнда Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган “Муҳим минераллар хомашё базасини кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тақдимотда мамлакатда муҳим минераллар захираларини самарали ўзлаштириш, бойитиш ва металлургиянинг кейинги босқичларини ривожлантириш, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Унда янги конларни ўзлаштириш, бойитиш фабрикалари ҳамда гидро ва пирометаллургия қувватларини ташкил этиш орқали қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш вазифалари илгари сурилди. Бу каби чора-тадбирлар ҳудудларда, жумладан, Жиззах вилоятида ҳам инвестициявий фаолликни кучайтириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва металлургия саноати рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Мутахассислар таъкидлаганидек, саноат зоналари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш, инвестиция муҳитини жозибадор қилиш ва маҳаллий ресурсларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга айлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар Жиззах вилоятининг металлургия соҳасидаги салоҳиятини янада юксалтириш, тармоқнинг миллий иқтисодиётдаги улушини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Бу эса ҳудуд саноатининг барқарор ўсиши ва иқтисодий тараққиёти учун муҳим омил бўлиб қолмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири