Жиззахда коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган ўқув-тренинг ўтказилди
Жиззах шаҳрида “Коррупцияга қарши назорат, жамоатчилик билан ҳамкорлик ва шаффофликни таъминлаш” мавзусида икки кунлик ўқув-тренинг ташкил этилди. Унда Жиззах вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўқув-тренинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ташаббуси асосида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Тадбир давомида ҳудудий кенгашларнинг ваколатлари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик янгиликлари, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
— Бугунги кунда ҳудудий кенгашларнинг жойлардаги нуфузи ва масъулиятини ошириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади, - дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Тўлқин Турсунов. — Машғулотларда қонунчиликдаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш механизмлари юзасидан тушунчалар берилди. Шунингдек, ҳудудий кенгаш аъзоларининг мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига доир таклифлари тингланди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар умумлаштирилиб, келгусида соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришда инобатга олинади.
Икки кунлик машғулотларда иштирокчилар маҳаллий даражадаги масалаларни ҳал этиш, коррупциявий хавфларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлади.
Хусусан, гуруҳ машғулотларида давлат харидлари, тендер жараёнлари, ер ажратиш ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилиниб, коррупциявий хавфларни камайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш, ахборотларнинг ишончлилигини текшириш ва жамоатчилик назорати механизмларидан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
— Ўқув-тренинг давомида қонунчиликдаги янгиликлар билан танишиб, амалий машғулотларда иштирок этдик, - дейди “Истиқлол авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Тоҳир Умаров. — Айниқса, коррупциявий хавфлар билан боғлиқ ҳаётий вазиятларни таҳлил қилиш, давлат идоралари, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашиш фойдали бўлди. Бу тажриба келгусида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
[gallery-32472]
Тадбир якунида иштирокчиларнинг ўзлаштирган билимлари тест синовлари орқали баҳоланди ҳамда уларга амалий қўлланмалар тақдим этилди.
Мазкур ўқув-тренинг ҳудудий кенгаш аъзоларининг касбий салоҳиятини ошириш, коррупциявий хавфларнинг олдини олиш ва жамоатчилик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА