Луқма
Жиззах шаҳридаги тижорат банкларига қарашли пластик карталардан пул ечиб олиш шохобчаларидаги юзага келган кичик бир муаммо шу мақолани ёзишга ундади.
Тушликка чиқиш пайтим пластик картамдан озроқ нақд пул ечиб олиш мақсадида Жиззах шаҳри “Қассоблик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган акциядорлик тижорат “Агробанк”ка тегишли пул ечиб олиш шохобчасига, халқ тилида айтганда “банкомат”га бордим. Яқинлашишингиз билан эшиклари автоматик тарзда очиладиган эшигига чиройли қилиб: “ISHLAMAYABDI!” деб ёзиб қўйишган экан.

Шароф Рашидов кўчасида жойлашган АТ “Ҳамкор банк” шохобчасига йўл олдим. У ердаги шохобча ичидаги аппаратларнинг фақат биттаси ишлаётган экан. Унда ҳам икки талаба қиз аппаратга термулиб ўтирибди. Қолган 6-7 киши “операция” тугаши жараёнини кутаяпти.
– Нима бўлди, “банкомат” ишламаяптими? – сўради мижозлардан ёши каттароқ яна бир киши шохобчага кириб келиб.
– Битта шуниси ишлаётганди, у ҳам пластик картамни ютиб юборди, қайтариб чиқармаяпти, – деди қизлардан бири айб иш қилиб қўйгандек елка қисиб. Учинчи бир қиз келиб: “Бўлди, кетдик устаси соат икки яримда келаркан, ўшанда олиб бераркан, ҳозир ҳамма “обед”га чиқибди, – дея дугоналарини ташқарига чорлади. “Бугун ҳам обедсиз қоладиган бўлдик, институт “столовой”ининг терминали йўқ, “банкомат”лари пластик ютгич, нариги университет “студентский столовойи”га бориб келгунча дарс бошланади”, дея қизлар ўзаро гаплашиб, йўлга тушишди.
– Қизларим қайси олийгоҳда ўқийсизлар? – сўрадим улардан.
– Амаки, илтимос, бизни ёзманг, домламиз “Санлар ҳам “Tic-toc”чи бўлдингми?” деб кейин бизни қўймайди, – дея, исми-шарифларини ҳам, ўқиш жойларини ҳам айтишни истамади..
– 4 та “банкомат”ни қўйиб қўйибсанлар, бирортаси ишламайдику, деб мана шу “Ҳамкор банк” раҳбарини олдига кирмоқчи эдим, аммо эшик оғзидаги йигит “Ҳамма тушликка кетди, улар ҳам инсон, овқатланиши керакку” дегач, ортимга қайтдим, – дейди “Жиззахлик” МФЙда истиқомат қилувчи, ўзини Мелибуви деб таништирган опахон.
– Мен ўша ердан келгандим, 5 та “банкомат”нинг 2 таси ишлаяпти, 20 дан ортиқ киши кутиб турибди. Менинг исми-шарифим Зайниддин Тангриев, пенсионерман, ҳеч кимдан қўрқадиган жойим йўқ. Журналист бўлсангиз, ёзинг, фақат суратга олмай ёзаверинг. Шаҳарда нечта “банкомат” бўлса, ҳар бирининг ичидаги аппаратларидан биттаси, кўпи билан иккитаси ишлайди, қолгани ишламайди, хўжакўрсинга қўйилган. Дўконга борсанг, “Терминалимизни пули тугаб қолганди”, “Терминалимизни текширгани олиб кетишганди”, “Клик қилақолинг”дан, новвойга борсанг “Бизда терминал йўқ”дан нари ўтишмайди. Шундай катта шаҳар Жиззазхда Гулистондек кичкина шаҳарчадаги каби, таомлари арзон нархдаги “рабочий столовой”лар ҳам йўқ. “Банк ходими ҳам одам, у ҳам тушлик қилиши керакку”, дебди, жавобни қаранг? Нима, талаба, пенсионер ёки бошқалар уларнинг айби билан овқат емаслиги, банк ходимининг тушликдан қайтишини кутиши керакми? Мана, сизга қанча муаммо, журналист бўлсангиз, ёзинг шуларни, шунда қайсидир раҳбарлари буларни ҳам назоратга олар, сал бўлсада эпақага келар?
Хуллас, тушликдан унумли фойдаланиб, пластик картамдан озроқ нақд пул ечиб олиш режаси кечга қолди. Тушлик вақти эса аллақачон ўтиб бўлди.
Жиззах шаҳридаги пул ечиш шохобчалари ишлашини назорат қилиб турувчи масъуллар бундай ҳолатларни қандай изоҳлар экан?
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири