Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг навбатдаги қабулида 30 дан зиёд фуқаронинг мурожаати тингланди.
Уларнинг аксарияти шахсий мулк билан боғлиқ масалаларга тааллуқли бўлса, оилавий келишмовчиликлар, суриштирув ва тергов жараёнлари, ички ишлар органларида хизмат қилиш, ходимлар оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш, хизмат жойини ўзгартириш ва ротация масалалари юзасидан ҳам мурожаатлар бўлди.


Қабул давомида ҳар бир мурожаат мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб кўриб чиқилди, фуқароларга ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан зарур тушунтиришлар берилди.
***

Фориш тумани “Боғдон” марказий ўйингоҳида кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Айни вақтда бу ерда замонавий спорт мажмуаси қурилиши ҳам давом этмоқда.

Лойиҳа доирасида ўйингоҳ минбарлари, югуриш йўлаклари ва футбол майдони замонавий талаблар асосида янгиланади. Ёпиқ спорт заллари, турли секциялар учун машғулот хоналари ва майдончалар барпо этилади. Спортчилар ва томошабинлар учун қулай шароитлар яратилиб, мажмуа замонавий ёритиш ҳамда муҳандислик-коммуникация тизимлари билан жиҳозланади.

Янги мажмуа нафақат спортчилар учун машғулот маскани, балки ёшларни оммавий спортга жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
***
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Арнасой тумани Чўлқувар маҳалласида янги истироҳат боғи аҳоли ихтиёрига топширилди.

Очилиш маросими маҳалла аҳли учун қувончли воқеага айланди. Обод ва кўркам масканда аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, оилалар билан вақт ўтказиши ҳамда турли маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиши учун имкониятлар яратилди.

Тадбирда Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов иштирок этиб, маҳалла аҳлини янги маскан билан табриклади. Бундай ободончилик ишлари маҳалланинг қиёфасини янгилаш билан бирга, одамлар учун муносиб дам олиш муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
***
Пахтакор тумани Олтинкўл маҳалласида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, аҳоли мурожаатлари ва белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Ислоҳотлар штаби раҳбари Дилбар Жабборова муаммоларни хонадонма-хонадон ўрганиш, аҳоли билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш ва топшириқлар ижросини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда 17 нафар ходимнинг фаолияти таҳлил қилиниб, уларнинг ҳар бирига аниқ вазифалар белгиланди. Энди асосий эътибор мурожаатларни жойида ўрганиш, муаммоларни имкони борича тез ҳал этиш ва белгиланган топшириқларни сифатли бажаришга қаратилди.
***
Вилоят прокуратурасида навбатдаги “Маърифат соати” ўтказилди.

Тадбирда вилоят солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Аббос Ваққосов иштирок этиб, Президентнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.

Мулоқотда яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ва қонунчилик талабларига риоя этиш масалалари муҳокама қилинди. Ходимларни қизиқтирган саволларга мутахассис томонидан батафсил жавоблар берилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири