Жиззах вилояти хабарлари - қисқа сатрларда
Жиззах шаҳридаги 22-умумтаълим мактабида “Миллий қадриятлар тарғиботчиси” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда воҳада фаолият олиб бораётган умумий ўрта таълим муассасаларининг педагог-ходимлари иштирок этишди.
Танловдан кўзланган асосий мақсад таълим муассасаларида миллий ва умуминсоний қадриятларни кенг тарғиб қилиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, илғор ташаббус ва тажрибаларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.

Беллашув давомида иштирокчилар ўз фаолияти, маънавий-маърифий йўналишда амалга ошираётган ишлари, янги лойиҳа ва ташаббусларини тақдим этиб, ижодий ёндашуви ҳамда илғор тажрибаларини намойиш этишди.

Шунингдек, иштирокчиларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, рақамли ва маънавий-маърифий саводхонлиги махсус тест синовлари орқали баҳоланди.
***
“Ёшлар — келажак бунёдкорлари” V Халқаро экология қурултойида Жиззах вилояти ёшлари делегацияси аъзолари ҳам фаол иштирок этишди. Улар мазкур нуфузли халқаро тадбир доирасида ўтказилган танлов ва мусобақаларда ўзларининг билим, иқтидор ва маҳоратини намоён қилишди.

Хусусан, Жиззах вилояти ёшлари халқаро танловнинг “Халқлар дўстлиги” лойиҳасида фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, тадбирлар доирасида спортнинг бадминтон тури бўйича ўтказилган мусобақада жиззахлик Жавоҳир Каримбердиев фахрли 3-ўринни эгаллаб, бронза медали соҳиби бўлди.

Қайд этиш жоизки, бундай халқаро тадбирларда ёшларнинг фаол иштирок этиши уларнинг экологик маданиятини юксалтириш, турли халқлар ва ёшлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, янги тажриба ва кўникмаларни эгаллашида муҳим аҳамият касб этади.
***
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш йўлида яна бир хайрли тадбир амалга оширилди. У Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг ташаббуси билан ташкил этилди.

“Соғлом авлод учун” вилоят жамғармаси билан ҳамкорликда ўтказилган ижтимоий акция доирасида 100 дан зиёд кам таъминланган ва диспансер ҳисобида турувчи сурункали беморларга бепул дори-дармон воситалари улашилди.
Хайрия тадбири фақат дори тарқатиш билан чекланиб қолмади. Малакали тиббиёт ходимлари ва мутахассислар беморларга мазкур дори воситаларининг таъсири, уларни тўғри қўллаш усуллари ҳамда касалликни самарали даволаш бўйича зарур тиббий тавсия ва маслаҳатлар беришди.

Бундай эзгу ташаббуслар аҳоли саломатлигини асраш, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
***
Жиззах вилоятидаги маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада жадаллаштириш, санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш, аҳоли учун қулай ва файзли муҳит яратиш, шунингдек, фуқароларда ўз яшаш ҳудудига дахлдорлик ва масъулият ҳиссини кучайтириш мақсадида маҳаллалар ўртасида “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ва “Энг намунали маҳалла” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур кўрик-танлов мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Долзарб 40 кунлик” доирасида маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш, хонадонлар, кўчалар ва маҳаллаларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган.

Айниқса, танловнинг маҳалла, кўча ва хонадонларда ободлик муҳитини шакллантириш билан бир қаторда, аҳолининг ўз ҳудудига эгалик ва дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилиши унинг аҳамиятини янада оширади.
***
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Жиззах вилоятидаги спорт-таълим муассасаларини замонавий спорт жиҳозлари, анжомлари ва спорт кийимлари билан таъминлаш ишлари изчил давом этмоқда.

Спорт вазирлиги томонидан тақдим этилган спорт жиҳозлари ва спорт кийимлари вилоятдаги барча спорт таълим муассасаларига етказиб берилмоқда.
Навбатдаги манзил Бахмал тумани спорт мактаби бўлди. Бу ерда ҳам замонавий спорт жиҳозлари ва спорт кийимлари мустақиллигимиз байрами арафасида шуғулланувчиларга топширилди.

Янги жиҳоз ва анжомлар ёш спортчилар учун машғулотларни янада самарали ташкил этиш, зарур шароитларни яхшилаш, спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Зеро, спортда катта натижаларга эришиш истеъдод ва интилиш билан бир қаторда, муносиб шароит ва замонавий жиҳозларни ҳам тақозо этади. Бугун яратилган қулайликлар эртанги спорт ютуқларининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири