Расмий муносабат
Бугун, 27 июль куни ижтимоий тармоқда Жиззах –Тошкент йўлида, Жиззах довонидан тушишда юқори кучланишли сим узилиб, йўлни тўсиб қолган, ҳар икки томон “мегапробка” мазмунида хабар тарқалди.
Ушбу хабар юзасидан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:
Аслида бу электр узатиш ҳаво тармоғи кучланиш остида бўлмаган, техник муҳандислик номи “Зафаробод-1” ва “Зафаробод-2” бўлган янги қурилган тармоқ бўлиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги мутахассислари иштирокида алоқа кабелини (оптик толали кабел ва яшин қайтаргич симлари) ўтказиш ишлари бажарилган пайтда суратга олинган.
Алоқа кабелини тортиш ишлари бугун соат 10:30 да бошланган бўлиб, 12:30 да тўлиқ якунланган ва магистрал йўлда тирбандлик пайдо бўлмаслиги учун ҳар 15 дақиқада йўл очилиб, автотранспорт ҳаракати масъул ходимлар томонидан тартибга солиб турилган.
Муносабатда фуқаролардан ёлғон ва ваҳима уйғотувчи бу каби асоссиз хабарларни тарқатмаслик сўралган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА