Жиззах тажрибаси: пиллачиликда янги босқич
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳар бир тармоқни инновацион асосда ривожлантириш, айниқса, аграр соҳанинг анъанавий йўналишига янгича ҳаёт бахш этиш устувор вазифага айланди. Бу борада ипакчилик тармоғи нафақат экспорт салоҳиятини ошириш, балки аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашнинг энг самарали механизми сифатида намоён бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 январдаги “Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида соҳани тубдан ислоҳ қилиш, кластер тизимини жорий этиш ва ипак қурти парваришида замонавий технологияларни қўллаш бўйича белгилаб берилган стратегик йўналиш Жиззах вилояти мисолида ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида ўтказилган республика миқёсидаги амалий семинар жорий пилла мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш, соҳага илмий ёндашув татбиқ этиш ва энг муҳими, “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича мутлақо янги тажрибани ўртага ташлади.
[gallery-28621]
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев ҳамда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этган тадбирда соҳа мутахассислари, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги кластер ва илмий доира вакиллари иштирок этди. Дўстлик туманида шаклланган ўзига хос “ўсиш нуқтаси” атрофлича таҳлил қилинди. Таъкидлаш жоизки, бугун пиллачилик соҳасига нафақат хом ашё етиштириш, балки оила учун даромад манбаи, маҳаллада ижтимоий муҳитни соғломлаштирувчи муҳим омил сифатида қаралмоқда.
Дўстлик туманининг “Чинобод” ва “Саритепа” маҳалласида жорий этилган амалий тизим соҳага қаратилаётган юксак давлат эътиборининг амалдаги ифодасидир. Бу ерда собиқ иттифоқ давридан қолган кўп қаватли уй атрофидаги бўш майдондан оқилона фойдаланилган ҳолда, ихчам ва замонавий пиллахона барпо этилгани эътиборга молик. Мазкур иншоотга шу уйда истиқомат қилувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишсиз хотин-қизларнинг бириктирилгани натижасида уй шароитида меҳнат қилиш ва кафолатланган даромад манбаига эга бўлиш имконияти яратилди. Бундай ёндашув “инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлиб, аҳоли ижтимоий кайфиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, ҳудудда яратилган мустаҳкам озуқа базаси, янги тутзор ва илғор агротехнологик талаб асосида жиҳозланган баргхона ҳосилдорликни бир неча баробарга оширишга хизмат қилмоқда.
Муҳокама давомида Президентимиз қарорида белгиланган вазифалар ижроси, хусусан, пиллачиликда кластер тизимининг афзаллиги, юқори ҳосилдор ипак қурти зотини парваришлаш ва соҳанинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш масаласига алоҳида урғу берилди. Мутахассис томонидан берилган тавсия, айниқса, ипак қуртини озиқлантиришда ҳарорат ва намлик меъёрини рақамли технология ёрдамида назорат қилиш усули иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Жиззахда синовдан ўтган ушбу тажриба ипакчиликни иқтисодий ўсишнинг таянч нуқтасига айлантириш мумкинлигини кўрсатди. Зеро, соҳага илм ва инновация кириб келиши нафақат маҳсулот сифатини, балки халқаро бозордаги рақобатбардошликни ҳам таъминлайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Дўстлик туманида намойиш этилган “Жиззах тажрибаси” шунчаки тармоқ кўрсаткичи эмас, балки аграр ислоҳотнинг ижтимоий мақсад билан уйғунлашган муваффақиятли моделидир. Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа олдига қўйилган вазифаларнинг сифатли ижроси пиллачиликни янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш билан бирга, минглаб ватандошларимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Ушбу самарали ёндашувни республиканинг барча ҳудудида кенг оммалаштириш ипакчилик тармоғининг миллий иқтисодиётимиздаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари