Жисмоний тайёргарлик синовдан ўтди
Андижон вилоятидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари бўлиб ўтмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ташаббуси билан халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини янада юксалтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини оммалаштириш мақсадида турли ёшдаги фуқаролар ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ўтказилиши йўлга қўйилган.

Марҳамат туманидаги 39-умумтаълим мактабининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ҳам юқори савияда ташкил этилди.

Спорт синовлари очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар юртимизда аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлаш, спорт билан шуғулланиши, жисмоний имкониятларини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Синов жараёнларида ўқувчилар томонидан тезлик, куч, чаққонлик, ҳаракатларни мувофиқлаштириш каби муҳим жисмоний сифатларни намоён этишга қаратилган амалий машқлар бажарилди. Иштирокчилар ўз имкониятларини синовдан ўтказиш билан бирга, спортга бўлган қизиқишларини янада мустаҳкамлади.

Юртдошларимизга ижтимоий имконият ва имтиёзлар берадиган жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича синовда қатнашиш учун аризалар my.sport.uz сайти орқали қабул қилинади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.