Жинсий зўравонликка оид жиноятлар тергови прокуратура органларига ўтказилади
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болаларни жинсий зўравонлик ҳамда ахлоққа зид тажовузлардан асраш борасида қатор ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамай, бу борадаги жиноятлар содир этилмоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу соҳада охирги 5 йилда 8,8 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган. Бундан ташқари, жинсий эркинликка қарши жиноятларни тергов қилиш жараёнида қатор муаммолар сақланиб қоляпти. Хусусан, айрим ҳолларда жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда қонун нормалари нотўғри қўлланилиши, жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланмаслиги каби салбий ҳолатлар учрамоқда.

Шу муносабат билан аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда айрим жиноятлар тергови самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва парламент қуйи палатаси мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида жинсий эркинликка, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органларига ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу жараёнда воқеа содир бўлган жойни кўздан кечириш муҳим. Бунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида прокуратура органларининг ваколатларини кенгайтириш, уларга бундай ҳолатларни текшириш, дастлабки терговни олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш устидан назоратни кучайтириш вазифалари юклатилмоқда.

Бундан ташқари, мансабдор шахслар томонидан содир этилган, айниқса, инсон ўлимига олиб келган жиноятларни тергов қилиш амалиётини ҳам такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, жинсий эркинликка қарши жиноят содир этган шахсларнинг жазони ўташ тартибини қатъийлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаганларга нисбатан содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларни манзил-колонияларга ўтказмаслик назарда тутилмоқда.
Лойиҳа билан таклиф этилаётган ўзгартиришлар аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилиниши, жинсий зўравонлик ҳолатларини фош этиш ва бу турдаги жиноятларни тергов қилиш сифати ошиши ҳамда жазонинг муқаррарлиги таъминланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, мазкур жараёнда қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан қатъий прокурор назорати ўрнатилишини таъминлайди.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда ҳам кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА