Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда АҚШ Давлат департаментининг Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний халқаро айланишига қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари бўйича бюроси (INL) билан ҳамкорликда янги лойиҳа ишлаб чиқилди.
Бу “Ўзбекистонда жиноий активларни қайтариш тизими самарадорлигини ошириш” лойиҳаси бўлиб, унинг ишга туширилиши муносабати билан Бош прокуратурада тадбир ташкил этилди.
Унда Бош прокурор Н.Йўлдошев ҳамда лойиҳани ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилган халқаро ташкилотлар вакиллари, тизим ходимлари иштирок этди.
Мазкур лойиҳа доирасида жиноий активларни қайтариш ва бошқариш соҳаларида миллий қонунчилик нормалари такомиллаштирилади.
Ходимларнинг соҳага доир билим ва кўникмалари оширилади. Фаолиятга янгича ёндашувларни жорий этиш, хусусан, замонавий ахборот-коммуникация ютуқларини жорий этган ҳолда жиноий активларга доир маълумотлар базаси яратилади.
Бош прокуратуранинг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан жиноий-ҳуқуқий соҳада халқаро ҳамкорлик алоқалари янада кенгайтирилади.
Тадбирда амалга оширилиши режалаштирилаётган чора-тадбирлар хусусида фикр алмашилди. Келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА