Женева шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 151-ассамблеяси бўлиб ўтмоқда.
Ассамблеянинг “Инқироз шароитида инсонпарварлик меъёрларига риоя қилиш ва инсонпарварлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Т.Норбоева ўз чиқишида дунёда кечаётган турли низолар, инқирозлар ва гуманитар таҳдидлар миллионлаб инсонларнинг ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Бундай шароитда парламентлар инсонпарварлик тамойилларини илгари суриш ва инсон ҳаётини асрашда ҳал қилувчи роль ўйнаши зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Ассамблеяда Ўзбекистоннинг инсонпарварлик соҳасидаги ташаббуслари илгари сурилди. Таъкидланганидек, ҳозирги кунда дунё бўйлаб юз бераётган қуролли тўқнашувлар натижасида 310 миллионга яқин инсон ёрдамга муҳтож бўлиб, бу инсонпарварлик меъёрларига риоя қилиш масаласини янада долзарблаштирмоқда.
Ўзбекистон халқаро инсонпарварлик ҳаракатларида фаол иштирок этиб, нотинч минтақалардаги муҳтож аҳолига уй-жой, тиббий хизмат ва ижтимоий кўмак кўрсатиш орқали амалий ёрдам бермоқда. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг инсонпарварлик ва халқаро ҳамжиҳатлик тамойилларига содиқлигини яққол намоён этмоқда.

Мажлис доирасида парламентлар ўртасида қонунчилик ва рақамли ҳамкорликни чуқурлаштириш, гуманитар ресурсларни самарали ва манзилли йўналтириш, глобал ташаббусларда молиявий жиҳатдан иштирок этишни кенгайтириш, шунингдек, инсонпарварлик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашга оид аниқ таклифлар илгари сурилди.
Инсонпарварлик – тинчликнинг ҳуқуқий кафолати, барқарор тараққиётнинг маънавий пойдевори экани қайд этилди. Бу жараёнда парламентларнинг роли ошиб бораётгани эътиборга лойиқ.
Н.Абдураимова, ЎзА