ЖДПУ вакиллари Туркияда
Жиззах давлат педагогика университети делегацияси Туркиянинг нуфузли Анадолу университетида амалга оширилаётган халқаро ҳамкорлик дастури доирасида тажриба алмашмоқда. Мазкур ташриф таълим соҳасидаги ютуқларни намоён этиш билан бирга, илмий ва маданий мулоқотни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.
Дастурда университетнинг филология йўналиши вакиллари — доцент вазифасини бажарувчи Гулбаҳор Қурбонова, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Висола Турсунова иштирок этмоқда. Уларнинг илмий изланишлари ва амалий тажрибаси туркиялик ҳамкасбларда катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф доирасида Анадолу университети профессор-ўқитувчилари ва раҳбарияти учун Ўзбекистон таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Жумладан, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятига оид маълумотлар алоҳида эътибор билан тингланди.
Шунингдек, тадбирлар доирасида Висола Турсунованинг турк тилида нашр этилган “Ҳилвис” (Шивир) номли шеърлар тўплами тақдим этилди. Ушбу адабий тақдимот маданий яқинлашувнинг ёрқин ифодаси сифатида эътироф этилди.

Халқаро ҳамкорлик доирасидаги бундай мулоқотлар миллий таълим тизими нуфузини ошириш, тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳамда икки қардош халқ ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА