Жазоир билан парламентлараро ҳамкорлик кенгаяди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Спикер Нуриддин Исмоиловнинг Жазоир Халқ Демократик Республикасининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Жамила Ашур билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ж.Ашур Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда барча соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни юқори баҳолаб, бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини эътироф этди. Жазоир Ўзбекистон билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни аниқ амалий натижалар билан бойитишдан манфаатдор эканини билдирди.
Суҳбат давомида парламентлараро ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Жазоир парламенти — Миллий халқ ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият юритаётгани ўзаро алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Олий даражада эришилган келишувларнинг самарали ижросини таъминлаш, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
М.Комилова,
ЎзА