Жазо муддатини ўтаётган 25 маҳкум ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Жазони ижро этиш бош бошқармаси масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари доирасини янада кенгайтиришга қаратилган кўплаб қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун маълум тартибда қўшимча имкониятлар яратилди.
Таъкидланишича, мамлакатимизда бугунги кунда 43 та жазони ижро этиш муассасаси ва 11 та тергов ҳибсхонаси мавжуд бўлиб, уларнинг 18 таси ёпиқ турдаги колония ва 25 таси манзил-колония ҳисобланади.
Жазони ўташ муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, касби бўлмаган 1 минг 118 нафар маҳкум меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатилиб, тегишли сертификатларга эга бўлди.
Жазони ижро этиш тизими фаолиятида махфий ҳисобланган айрим маълумотлар очиқ маълумотлар рўйхатига киритилди.
Вояга етмаган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган тарбия колониясида жазо муддатини ўтаётган тарбияланувчилар учун «В» тоифаси бўйича ҳайдовчилик курслари ташкил этилди. Ҳозирга қадар вояга етмаган маҳкумлардан 25 нафари «В» тоифаси бўйича ҳайдовчилик курсларида ўқитилиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлди.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳамда унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларга илк маротаба сайлаш ҳуқуқи берилди. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартлари қоидалари” қонунчилигимизга имплементация қилинди. Ёпиқ турдаги муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан телефон сўзлашуви, учрашувлари ва жўнатма қабул қилиши сони қарийб икки баробарга кўпайтирилди ҳамда озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг руҳий ҳолати бузилган вақтда содир этган тартиббузарлиги учун интизомий жазо чоралари қўлланилмаслиги кафолатланди.
Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи, подполковник Жамшид Султонов тақдим этган маълумотларга кўра, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож шахсларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий муассасаларига жойлаштириш қонунан мустаҳкамлаб қўйилган. Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаш ҳуқуқи берилди ва маҳкумларнинг жазо муддатини ўташ давомида шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилиб, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-оналари билан учрашувларига нисбатан чекловлар олиб ташланди. Маҳкума аёлларнинг болалар уйида тарбияланаётган вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби жорий этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА