Жазирама иссиқ Германиядаги муаммоларни очиб берди (+видео)
Германияда жазирама иссиқ бироз пасайишни бошлаган бўлса-да, унинг оқибатлари ҳануз сезилмоқда, деб хабар берди Evronews
Иссиқ туфайли айрим йўллардаги асфальт эриб кетди, транспорт ҳаракатида узилишлар кузатилди, шифокорлар эса мамлакат экстремал иссиқликка етарлича тайёр эмаслигини айтишмоқда.
28 июнь куни Германияда ҳаво ҳарорати кетма-кет учинчи кун рекорд даражага етди. Бранденбургда термометр +41,7 даражани кўрсатди. Шунингдек, мамлакатда «тропик тунлар» ҳам кузатилди, яъни тунги ҳарорат 20 даражадан пастга тушмади.
Жазирама иссиқ айрим автомагистралларга зарар етказди. Лейпциг шаҳрида эса трамвай йўллари устидаги асфальт эриб, айрим йўналишлар вақтинча ёпилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 21 июндан буён Европа бўйлаб иссиқлик билан боғлиқ 1300 дан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган.
Германия Тиббиёт ассоциацияси шифохоналар, қариялар уйлари ва тиббиёт муассасаларини экстремал иссиқликка яхшироқ тайёрлаш зарурлигини билдирди. Мутахассислар фикрича, мамлакатдаги шифохоналарнинг фақат учдан бир қисмида беморлар палаталари кондиционерлар билан жиҳозланган.
Олимлар Европадаги ҳозирги иссиқлик тўлқинини иқлим ўзгариши билан боғламоқда. Уларнинг таъкидлашича, иссиқлик тўлқинлари тез-тез такрорланмоқда ва ҳарорат рекордлари деярли ҳар йили янгиланмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hxhvcqEvSjU" title="Jazirama issiq Germaniyadagi muammolarni ochib berdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов (видео), ЎзА