Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга тобора яқинлашмоқда
Кипрда мукофот жамғармаси 1 миллион евродан иборат Номзодлар турнирининг якунланишига 2 та тур қолганда ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров 9 очко билан турнир жадвалида етакчилик қилмоқда.
Кеча якунланган 11-тур баҳсида маҳоратли шахматчимиз Синдоров оқ доналарда америкалик Ҳикару Накамура билан муроса йўлини танлади.

Ўйиндан сўнг Ж.Синдоров журналистларни саволларига жавоб бериш жараёнида учрашув натижаси уни қаноатлантиргани, ҳозирги вазиятда рақиби билан узоқ ва оғир партия ўйнаш учун сабаб кўрмагани, имкон бор жойларда мажбурий вариантларни танлаганини айтиб, Накамура узун партия ўйнашни хоҳлаганида бунга ҳам тайёрлигини таъкидлади.
Ортда қолган 11-тур мусобақаларининг қолган жуфтликларида ҳам дуранг қайд этилди.

Номзодлар турнирининг аёллар мусобақасида россиялик Катерина Лагно, Александра Горячкина, ҳиндистонлик Дивья Дешмух ва хитойлик Тан Чжунъи совринли ўринларга даъвогарлик пойгасидан чиқиб кетган бўлса, турнир жадвалида 1-2 ҳамда 3-4-ўринларни банд этган ҳиндистонлик Вайшали Рамешбабу, хитойлик Чжу Цзинер, украиналик Анна Музичук, қозоғистонлик Бибисара Асаубаева ғолибликка даъвогарликни давом эттирмоқда.

Кеча поёнига етган 11-турда Бибисара Асаубаева оқ доналарда Катерина Лагнони, Чжу Цзинер қора доналарда Вайшали Рамешбабуни, Тан Чжунъи қора доналарда Дивья Дешмухни мағлуб этди. Анна Музичук - Александра Горячкина қарама-қаршилигидаги баҳсда 1 очко тенг тақсимланди.
13-турда Синдоров турнирдаги энг асосий таъқибчиси нидерландиялик Аниш Гири билан тўқнаш келади.
Айтиш лозим, турнирнинг дастлабки даврасида ўтган 7-турда улар ўртасидаги ўйинда дуранг қайд этилган эди. Ўшанда оқ доналарда баҳс олиб борган ҳамюртимиз ғалабага яқин эди. Аммо тажрибали Гири мағлубиятини тенгликка айлантира олган. Бу сафар Жавоҳир Анишга қарши қора доналарда ўйнайди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА