Жавоҳир Синдоров: "Ёшлигимдан амалий машғулотларга жиддий эътибор қараганимда аллақачон жаҳон чемпиони бўлардим"
2022 йили Ҳиндистонда ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олтин медали, 2025 йилги Жаҳон кубоги соҳиби Жавоҳир Синдоров жорий йилнинг 23 ноябрь-16 декабрь кунлари ўтадиган Жаҳон шахмат тожи учун кечадиган мусобақага тайёргарлик ҳолати, Номзодлар турнирида натижалар, мураббийи Роман Видоняк билан олиб бораётган машғулот жараёнлари тўғрисида журналистлар билан кечган суҳбатда қуйидаги фикрларни билдирди.
– Ўтган йили мен мураббийим билан жуда кўп ишладим. 80-90 кун давомида кунига 10 соатлаб машғулот ўтказдик. Бу ўз навбатида, Номзодлар мусобақасида бизга ғалаба келтирди, дея таъкидлади.
Шунингдек, ҳамюртимиз компьютерлар ёрдамидаги машғулотлардан кўра, жисмоний шахмат тахтасида позицияларни таҳлил қилишни афзал кўришини, бу дунёнинг энг кучли гроссмейстерлардан илҳомланган ёндашув эканини айтиб ўтди.
Ўзининг шахмат мусобақаларидаги дастлабки йилларини хотирлаган Синдоров кўплаб кучли ёш ўйинчилар каби доимий тарзда интенсив машғулот ўтказмаганини, агарда машғулотларга фидойилик билан ёндашганида кўникмалар унга янада катта муваффақиятлар келтириши мумкинлигини ёдга олди.
– Агар ёшлигимда кўп машқ қилганимда, аллақачон жаҳон чемпиони бўлардим, деб ўйлайман. Мен ҳеч қачон кўп машқ қилмаганман, ҳафтасига 15 соат бўлиши мумкин. Бу гроссмейстер даражаси эмас эди ўша пайтлар, – дея хотирлайди Жавоҳир.
Шунга қарамай, у ёшлигидан ўз истеъдоди туфайли юксалишга эришгани натижаларда ўз аксини топган. Ж.Синдоров атиги 9 ёшида шахмат бўйича номзод уста унвонини қўлга киритишга эришган. 12 ёшу 10 ойлигида гроссмейстер талабини бажарган Жавоҳир 2026 йилги Номзодлар турнирида ғолиб чиқди ва ҳозирда 2777 очко билан ФИДЕ рейтингида 4-ўринда бормоқда.
Журналистларнинг саволларига жавоб бериш давомида истеъдодли шахматчимиз Жаҳон шахмат тожи учун кечадиган курашнинг аҳамияти, рақиби Гукеш Доммараджунинг ўзига хос жиҳатлари, характерига хос хислатлари ҳақида тўхталиб, мусобақага тайёргарлик белгиланган режа асосида давом этаётганини қайд этди.
Т.Рўзиев ёзиб олди, ЎзА