“Жасорат учқунлари” – ҳақиқий синов майдони
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақасининг ҳудудий босқичи ўтказилди. Унда туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жами 17 жамоа иштирок этди.
Мусобақада “Жасорат мактаблари”нинг 5–9-синф ўқувчиларидан иборат жамоалар ўзаро беллашди. Ҳар бир жамоа 8 нафар иштирокчидан ташкил топган бўлиб, улар саф тайёргарлиги, тиббий билим ва кўникмалар, робототехника, ҳуқуқий саводхонлик ҳамда миллий спорт ўйинлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
[gallery-28801]
Беллашувлар Нукус гарнизони ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда ташкил этилди. Бу эса иштирокчиларга ҳақиқий ҳарбий муҳитни ҳис этиш, жамоавийлик руҳини мустаҳкамлаш ҳамда масъулият туйғусини янада чуқур англаш имконини берди.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни Қонликўл туманидаги 2-умумтаълим мактаби негизида ташкил этилган “Жасорат” мактабининг “Лочин” жамоаси эгаллади. Иккинчи ўрин Тахиатош туманидаги 4-умумтаълим мактаби негизида ташкил этилган “Жасорат” мактабининг “Жайхун” жамоасига учинчи ўрин эса Чимбой туманидаги 36-умумтаълим мактаби қошидаги “Жасорат” мактабининг “Қалқон” жамоасига насиб этди.
Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан медаль, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА