“Жасорат мактаблари” – билим, интизом ва ватанпарварлик уйғунлашган маскан
Болаликданоқ интизомли, жисмонан бақувват, билимли ва Ватанга садоқатли бўлиш — бу фазилатларни шакллантиришда таълимнинг ўрни беқиёс. Шу мақсадда юртимизда “Жасорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилди.
Маълумотларга кўра, 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб республика бўйлаб 208 та “Жасорат мактаби” — ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан ташкил этилди. Айни пайтда ушбу мактабларда 10 минг нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда.
Бу мактабларда қайси фанларга алоҳида эътибор қаратилади?
“Жасорат мактаблари”нинг асосий жиҳатларидан бири ўқувчиларнинг нафақат умумтаълим фанларидан билим олиши, балки ҳарбий-ватанпарварлик ва жисмоний тайёргарлик бўйича ҳам салоҳиятини оширишидир.
Мазкур мактабда математика, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик (ЧҚБТ), тарих, жисмоний тарбия, чет тили ҳамда физика фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилмоқда. Яъни ўқувчи бу мактабда формулани ҳам ўрганади, тарихни ҳам чуқур билади, хорижий тилни ҳам ўзлаштиради. Шу билан бирга, жисмоний тайёргарлик ва ҳарбий-ватанпарварлик кўникмаларини ҳам шакллантиради.
“Жасорат мактаблари”га қабул 4-синфни тамомлаган ўқувчилар ўртасида ўтказилади. Синовлар 1-босқич — тест синовлари ва 2-босқич — жисмоний тайёргарлик синовлари каби икки босқичдан иборат. Жисмоний тайёргарлик бўйича ҳар бир ўқувчига 4-синф ўқув дастури доирасида 5 та жисмоний машқ берилади. Ҳар бир синфга эса 26 нафардан ўқувчи қабул қилинади. Аризалар онлайн тарзда — ariza.piima.uz платформаси орқали юборилади.
“Жасорат мактаблари”да дарсдан ташқари машғулотлар ҳам бор. Масканда ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятини ривожлантиришга қаратилган тўгараклар ҳам ташкил этилган. Жумладан, робототехника, тиббий тайёргарлик, ҳуқуқий саводхонлик, миллий спорт ўйинлари бўйича машғулотлар ўтказилмоқда. Бу эса ўқувчиларга мактабда олган назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитиш имконини бермоқда.
Жорий йилда илк бор “Жасорат мактаблари” ўқувчилари ўртасида “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақаси ташкил этилди. Мусобақада ўзини кўрсатган ғолиблар эса муносиб тақдирланди — улар Озарбайжонга таълим саёҳатига юборилди. Демак, “Жасорат мактаблари”да мақсад фақат яхши баҳо олиш эмас. Бу ерда ўқувчининг ақли, жисми, иродаси ва Ватанга муҳаббати бирдек тарбияланмоқда. Бугун бу мактабларда таҳсил олаётган 10 мингдан ортиқ ўғил-қиз эртанги кун учун нафақат билимли мутахассис, балки жасоратли, интизомли ва юрт тақдирига бефарқ бўлмаган авлод бўлиб камол топиши кўзда тутилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА