Жарималар масаласига жиддий ёндашиш лозимлиги илгари сурилди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Шаҳарсозлик соҳасига оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Мазкур лойиҳада ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, фуқароларнинг кўчмас мулк қурилишида маблағларининг йўқотилишига чек қўйиш, самарали назорат механизмларини жорий этиш мақсадида шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузганлик учун молиявий санкциялар қўллаш назарда тутилмоқда.
Депутат Зокиржон Зоҳидов қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида келтирилган статистик маълумотларга кўра, асосий жавобгарлик қурувчи ташкилотлар зиммасига юкланаётгани, қурилиш назоратига масъул идораларнинг бу борадаги вазифалари аниқ тушунтириб ўтилмаганини таъкидлади.
Шунингдек, фракция аъзоси Анвархон Темиров ноқонуний қурилиш аниқланган тақдирда, қурувчи ташкилотга молиявий жарималар қўллашдан келиб тушган маблағларнинг нега айнан 60 фоизи ваколатли ташкилотда қолиши кўзда тутилаётганига изоҳ сўради.
Қонун ижодкорлари ҳудудларда бош режалар ва замонавий рақамли платформаларни ишлаб чиқиш харажатлари катталиги, молиявий жарималардан тушадиган тушумнинг 60 фоизи айни шу мақсадларга сарфланиши ҳақида изоҳ берди.

Депутат Шарофиддин Назаров эса қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида молиявий санкциялар ҳақида маълумот берилмагани, умуман, бу молиявий санкцияни қўллашга асос келтирилмаганини айтиб, масъулларга эътироз билдирди. Депутатнинг фикрича, молиявий санкцияларни қўллаш учун кучли асос бўлиши керак ва одатда молиявий санкциялар харажатларни қоплаш учун эмас, балки муносабатларни тартибга солиш учун қўлланилади. Қолаверса, бош режаларни ишлаб чиқишга ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштиришга Давлат бюджетидан маблағ ажратилиши, лойиҳадаги айни меъёр давлат молиявий тизимига ҳам мос эмаслиги таъкидланди.
Муҳокамаларда ЎзХДП фракцияси аъзолари жарималарни жорий қилиш масаласига жиддий ёндашиш лозимлигини ҳамда лойиҳанинг тушунтириш хатида молиявий санкцияни қўллаш асослари аниқ келтирилиши зарурлигини таъкидлади.
Йиғилиш давомида яна бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА