Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро Ф.Зухритдинов ўзига тегишли бўлган «Ласетти» русумли автомашинаси ойналарини ноқонуний қорайтирганлиги сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 126-моддаси 1-қисмига асосан 5 575 000 сўм жарима тайинланган.
Жарима қонунда белгиланган муддатда тўланмагач, қарор ижросини таъминлаш учун Мажбурий ижро бюроси Марғилон шаҳар бўлимига юборилган.
Ижро ҳужжати бўйича қарздор Ф.Зухритдинов «Ласетти» автомашинасини сотиб юборганлигини, моддий шароити йўқлигини рўкач қилиб, ижро ҳужжати бўйича жаримани тўлашдан бош тортган.
26.03.2021 йилда транспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилиниб, бошқарма қидирув шўбаси инспекторлари томонидан йўл-патруль хизмати ходимлари ўзаро ҳамкорликда ўтказиб келинган тадбирлар натижасида Марғилон шаҳрида жойлашган яшаш манзилига келган вақтида ушланган ва автомашина жарима майдончасига олиб кирилган.
Жаримани тўлаш учун шароити йўқлигини маълум қилган қарздор 5 575 000 сўм жаримани шу куннинг ўзидаёқ нақд шаклда тўлиқ тўлади, шунингдек, ундан жаримани қонунда белгиланган муддатда тўламаганлиги учун ижро йиғими ва қўшимча жарима ҳам ундириб олинди.
ЎзА