Сир эмас, баъзи ҳайдовчилар томонидан йилига юзлаб қўпол қоидабузарликлар содир этилмоқда. Ҳар қанча жарима тўламасин, бу қоидабузарлик салмоғига таъсир этмаётгани, бошқарувда агрессив бўлиши, бошқа ҳаракат иштирокчилари ҳақидаги қоидаларни писанд қилмаслиги, маст ҳолда автомобиль бошқариши оқибатида минг-минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Бу борадаги статистик рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йилда содир этилган 9 минг 902 та ЙТҲда 2 минг 356 нафар инсон ҳалок бўлди ва 9 минг 606 нафар инсон тан жароҳати олган. 2023 йилнинг 10 ойи давомида эса 7 минг 616 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 1 минг 867 нафар инсон ҳалок бўлган ва 7 минг 62 нафар инсон тан жароҳати олган. 2024 йилда 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши оқибатида 2 минг 203 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8 минг 901 нафар инсон тан жароҳати олган.
Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 20 февралида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун билан қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан махрум этилган шахс томонидан транспорт воситаларини такроран бошкарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Йўл харакати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган микдордан ошгани учун маъмурий жазо қўлланилади. Шунингдек сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ишлайдиган транспорт воситалари иштирокидаги ҳодисалар бўйича алоҳида моддаларда маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Таъкидлаш лозимки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 6 та янги модда киритилиб, 29 та моддаси ўзгартирилди. Жумладан, қўшимча жазо чораси сифатида йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида ҳисоблаш (341-модда) тартиби киритилди. Ҳайдовчига 1 йил давомида 12 дан ортиқ балл ҳисобланса, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан суд тартибида 6 ойдан кам бўлмаган муддатга маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бунда 12 та модда бўйича жарима баллар ҳисобланади ва энг юқори балли 2 балл этиб белгиланди.
Қонун талабларига кўра, ушбу модда бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва балл бизимини ҳисоблаш механизми белгилаб қўйилди. Мазкур қарор қабул қилингандан кейин балл тизимини ҳисоблаб бориш амалиётга жорий қилинади.
–Ушбу қонун билан газ ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун фуқароларга БҲМнинг 5 баравари, мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима белгиланди, — дейди Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспектори подполковник Азизбек Раҳматуллаев. – Илгари бундай норма йўқ эди. Эндиликда сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузган ҳайдовчиларга чора кўриш мумкин. Одам ташиш қоидасини бузганлик учун, биринчи қисмида БҲМнинг 2 баравари, иккинчи қисмида БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима белгиланди. Олдин одам ташиш қоидасини бузганлик учун 128-моддада умумий норма сифатида чора кўрилар эди. Яъни, БҲМнинг 0,5 баравари миқдорида жарима тўланар эди. Эндиликда одам ташиш қоидаларини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солиш белгиланди. Шунингдек, автобус ва микроавтобусларда ички ишлар органларининг ҳамроҳлигисиз одам ташиш қоидалари бузилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солиш белгиланди. Қувиб ўтиш қоидаларини бузганлик учун БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима белгиланди. Худди шунингдек, транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солиш белгиланди.
Йўл безорилиги учун жавобгарликнинг биринчи қисмида 1 йилдан 2 йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима, иккинчи қисмида БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Йўл безорилиги, яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиши, ҳаракатланиш бурчагини ва (ёки) тезлигини сақлаган ҳолда транспорт воситасини сабабсиз сирпантириши (дрифт), ўз йўналишида ҳаракатланиш бўлагини сабабсиз кескин равишда уч ва ундан ортиқ марта узлуксиз ўзгартириши (бундан махсус ажратилган жойларда содир этиш мустасно) ёки йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига таҳдид солувчи ёхуд транспорт воситасида йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизликда ифодаланган бошқа хатти-ҳаракатларни намойишкорона содир этганлик учун ҳам жазо чоралари белгиланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ва видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатганлик учун БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорида жарима ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171, 28, 32, 112, 123, 125, 125-1, 127, 128, 128-3, 128-4, 128-5, 129, 130, 131, 135, 135-1, 136, 137, 139, 140, 147, 194, 245, 248, 256, 276, 282, 291-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бунда моддаларнинг санкциялари мақбуллаштирилди ва айримлари кучайтирилди, шунингдек, “Жарима балл” тизимини жорий этилиши муносабати билан моддаларга таҳририй ўзгартиришлар киритилди.
Жиноят кодекси 5 та янги модда билан тўлдирилди. 3 та моддасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Давлат рақам белгиларини ёхуд идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик, фойдаланганлик ва қалбакилаштирганлик учун БҲМнинг 50 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан чеклаш ёки маҳрум этиш белгиланди.
Яъни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация (кузов, шасси (рама), двигатель) рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек уларни қалбакилаштирганлик учун жазо белгиланди.
Шуни ҳам айтиш жоиз, ушбу қонун билан ҳайдовчиларни қайта тайёрлаш, имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик учун БҲМнинг 50 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (модда уч қисмдан иборат) белгиланди.
Масъул шахс томонидан тегишли тоифадаги автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини ёхуд тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқишни тугатгани ҳақидаги гувоҳномани беришда таълим олувчининг ўқув дастурини ўзлаштиргани ёки якуний имтиҳонлардан муваффақиятли ўтгани тўғрисидаги сохта маълумотларни ўқув журналларига, йўл варақаларига ёки имтиҳон комиссияси баённомасига киритиш ёхуд ушбу сохта маълумотларга асосланиб гувоҳнома берганлик учун жазо белгиланди.
Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқарганлик учун 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум этилиб, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (модда икки қисмдан иборат) жазоси белгиланди.
Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, шундай қилмиш ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлагани учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этгани учун жазо белгиланди.
Қонунга кўра, жарима баллари 12 баллдан ошса ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Шунингдек, қонунга кўра, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ёки текширувдан бўйин товлаш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шуни ҳам айтиш жоиз, Жиноят кодексининг 261, 266 ва 269-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Маст ҳолда автомобиль бошқарган ҳайдовчи 3 йилгача муайян транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланди.
Шунингдек, автомобилда жуда катта тезликда ҳаракатланиш учун жазо кучайтирилди. Амалда тезликни 20 км.гача, 20 км.дан 40 км.гача, 40 км.дан ортиқ катталикда ошириб юборганлик учун табақаланган жарималар белгиланган эди. Эндиликда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 60 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши БҲМнинг 15 баравари (5 миллион 625 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
– Қонунга кўра, қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун МЖТКнинг янги 34-1-моддаси бўйича жарима баллари ҳисобланади, – дейди Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров. – Хусусан, 125-модданинг 3-қисми ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқаришига жарима баллари ҳисобланади. 125-модданинг 5-қисми, яъни фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситалари бошқарилиши ҳам жарима баллар берилишига сабаб бўлади. 126-моддага асосан кўзгусимон ёки туси ўзгартирилган, қорайтирилган ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш ҳам жарима баллари берилишига сабаб бўлади. Шунингдек, 127-модданинг 1-қисмига асосан, товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш ҳолатлари жаримага сабаб бўлади. 128-моддага асосан, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги, 128-3-моддага биноан транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориш ҳолатларида жарима баллари берилади.
Қолаверса, 128-4-модданинг 2-қисми, яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини босиб кириши ва ўтиши, 128-5-модда, яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши жаримага сабаб бўлади. 128-6-моддага асосан, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши, янги 128-7-модда транспорт воситасида одам ташиш тартибини бузиш, янги 128-8-моддага асосан, транспорт воситаларини қувиб ўтиш тартибини бузиш ҳолатларида жарима баллари берилади.
Бундан ташқари, 129-модда яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши, 130-модда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиш ҳолатларида жарима баллари берилади.
Шу билан бирга, 135-модданинг 1-қисми транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда, гувоҳнома олинган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бундан мустасно) ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши, худди шунингдек ишончномаларни, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) транспорт воситаларини бошқариш ҳолатларида жарима баллари берилади. 137-модданинг 1-қисмига асосан, яъни транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш ҳам жарима баллари берилишига сабаб бўлади. Мазкур қонун 21 февраль куни расман эълон қилинди ва кучга кирди.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоиз, баллар миқдори ва уларни қўллаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан белгиланади. Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат килишга, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини оширишга ҳизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА