АОКАда Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ўтказилмоқда.
Унда "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун мазмун-моҳияти тўғрисида маълумот берилди.

Қайд этилишича, жарима баллари 12 баллдан ошса, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади
Қонун билан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчаларга кўра қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди:
Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошгани учун маъмурий жазо қўлланилиши;
Бунда:
⁃ Белгиланган ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур ҳуқуқбузарликларда назарда тутилган асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳисобланади. Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори 2 баллдан ошмаслиги керак.
⁃ Жарима баллари белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳисобланган жарима баллари бир йил ўтгач транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда ечилади.
⁃ Ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган тартибда қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА