Жанубнинг энг жасоратли ёш жамоалари сараланди
Сурхондарё вилоятидаги “Жасорат мактаблари”нинг 5-9 синф ўқувчилари ўртасида “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Беллашувнинг тантанали очилиш маросимида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари мусобақанинг ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг жасорат, интизом ва бошқа фазилатларини юксалтиришдаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритди. Иштирокчи жамоаларга омад тилади.



“Жасорат мактаби” ўқувчиларини жисмонан соғлом, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган мусобақада 8 нафар ўқувчидан иборат жамоалар саф тайёргарлиги, тиббий тайёргарлик, робототехника, ҳуқуқий саводхонлик, миллий спорт ўйинлари каби шартлар бўйича ўзаро беллашди. Интизом ва ҳамжиҳатликни, тезкор ёрдам кўникмалари, замонавий технологияларга инновацион ёндашуви, ҳуқуқий саводхонлик бўйича билим ва тафаккури, жисмоний эпчиллигини кенг намойиш этди.


Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган беллашувда фахрли биринчи ўринни Узун туманидаги 70-мактаб жамоаси қўлга киритиб, кубок, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган Денов туманидаги 100-мактаб ҳамда Термиз шаҳридаги 17-мактаб жамоаларига махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири