Жанубий Корея ва Ҳиндистон: Сеулда нималар муҳокама қилинади?
Сеулда бўлиб ўтадиган музокарада Жанубий Корея ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлари стратегик соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболини кўриб чиқади.
Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Чо Хён ва унинг ҳиндистонлик ҳамкасби Субраманям Жайшанкар шу ҳафта Сеулда учрашиб, иқтисодиёт, мудофаа, сунъий интеллект ва бошқа муҳим соҳалардаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар бермоқда.
Чоршанба куни бўлиб ўтадиган мулоқотда томонлар жорий йил апрель ойида Президент Ли Чжэ Мённинг Ҳиндистонга уюштирган давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар, хусусан кемасозлик, молия ва мудофаа соҳаларидаги лойиҳалар ижросини кўриб чиқади. Шунингдек, Корея ярим ороли ва Яқин Шарқдаги вазият ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади.
Ташриф доирасида Ҳиндистон ташқи ишлар вазири пайшанба куни Чежу форумида ҳам иштирок этади. Икки давлат раҳбарларининг Нью-Деҳлидаги учрашувидан сўнг ҳамкорликни тезлаштириш учун махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Бундан ташқари шу ҳафта Ҳиндистонда корейс компаниялари билан алоқани мустаҳкамлаш мақсадида “Корея бизнес ҳафталиги” ўтказилиши режалаштирилган. Вазирлар Чо Хён ва Жайшанкар охирги марта шу йил март ойида Францияда ўтган “Катта еттилик” учрашуви доирасида музокара ўтказишган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА