Жанубда Наврўзи олам улуғланди
Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви амфитеатрида Сурхондарё вилоятининг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Кўклам элчиси бойчечак бўй кўрсатиб, мамлакатимизда баҳор Сурхондан бошланади. Бу йил ҳам юртимизнинг бошқа ҳудудлари қиш қўйнида мудраётган паллада жанубда бойчечак ниш урди. Бодом, эртаги ўрик гуллади. Қиру адирларга кўклам поёндоз ёзиб, сайроқи қушларнинг хушовоз хониши жанубга баҳор келганидан дарак берди.
Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятда байрам сайлларини юқори савияда ўтказишга тайёргарлик кўрилди. “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ва тарғибот тадбирлари дастури ишлаб чиқилиб, қишлоқ, маҳалла, шаҳар ва туманларда байрам сайллари бошланди. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос миллий ҳунармандлик, миллий кўклам таомлари кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари, кўчма савдо дўконлари ташкил этилди. “Китобхон давлат хизматчиси”, кўклам таомларини тайёрлаш кўрик-танловлари уюштирилди. Кўпкари ва кураш мусобақалари барчага ўзгача завқу шавқ бағишлади. Борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр-эътибор, тинч, тотув, тўкин ҳаёт, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар тараннум этилди.
Муборак Рамазон ҳайити байрами билан ҳамоҳанг тарзда нишонланаётган янгиланиш, яшариш айёмида унинг инсонпарварлик тамойиллари янада кучайиб, кекса авлод вакиллари, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлашга, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олишга, улар учун байрам дастурхонларини ташкил этиб, турли хайрия тадбирларини ўтказишга алоҳида аҳамият берилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат этиб, янги боғ-роғлар яратишга киришилди.
Сурхондарёликлар “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилининг шарқона янги йил шодиёналарини ўн кун сайл тарзида нишонлади. Вилоятнинг асосий байрам тадбири бўлиб ўтган Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудида туманлар ва Термиз шаҳрининг, ташкилот, корхона ва таълим, тиббиёт ва бош муассасаларнинг қўрғонлари барпо этилиб, миллий удумларимизга мос безатилди. Сайл кунлари дошқозонларда сумалак ва бошқа баҳор таомлари тайёрланиб, ёшларга уларни тайёрлаш сир-асрорлари ўргатилди. Турфа кўргазмалар, танлов ва миллий спорт ўйинлари, маҳаллий ва пойтахтдан келган санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастурлари сайл иштирокчиларига ўзгача қувонч улашди.
Воҳанинг асосий байрам тадбирида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов шодиёна иштирокчилари ва меҳмонларни Наврўзи олам ва муборак Рамазон ҳайити билан самимий табриклади. Юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, файз, деҳқонларнинг ҳосилига қут-барака, халқимизга фаровон ҳаёт тилади. Вилоятда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, келгуси режалар ҳақида сўз юритди.
Қайд этилдики, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар Сурхон воҳасида ҳам инсон қадрини улуғлаб, одамларнинг тинч, тўкин турмушини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан аҳолини йиллар давомида ўйлантириб келган асосий муаммолари – йўлларни таъмирлаш, уй-жой, ичимлик суви ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш каби масалалари ҳал этилмоқда. Таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳаларда улкан янгиланишлар юз бераётир. Жумладан, жорий йил “Тўпаланг” лойиҳаси доирасида тоза ичимлик суви Термиз шаҳригача етказиб берилди. Инновацион ёндашув билан 246 километр магистрал ва ички тармоқнинг барпо этилиши ҳисобига Термиз шаҳри, Ангор, Бандихон, Қизириқ, Шеробод ва Музработ каби туман марказлари электр энергияси сарфисиз минералларга бой оби-ҳаёт билан таъминланмоқда. Натижада Сурхондарёда марказлашган ичимлик суви билан қамров саккиз-тўққиз йил олдинги 47 фоиздан 67,5 фоизга етди.
Ўтган даврда 5 миллиард долларлик 8 мингдан ортиқ лойиҳа ишга туширилиб, 120 минг кишининг бандлиги таъминланди. Хитой, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Австрия, Венгрия каби давлатлар билан инвестиция ва савдо бўйича яна 10 миллиард долларлик келишувларга эришилди.
Вилоят иқтисодиётида саноатнинг улуши сўнгги 9 йилда 5 карра ўсиб, 10 фоизга етди. Боғча қамрови 28 фоиздан 68 фоизга ошди. 23 та янги мактаб қурилиб, 448 таси таъмирланди. Қўшимча 102 минг ўқувчи ўрни яратилди. Шу даврда қурилган 688 та кўп қаватли уйга 32 минг оила кўчиб ўтди. Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Термиз туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари қад ростлади.
Бу йил вилоятда инвестицияни 3 миллиард долларга, экспортни 1 бир миллиард долларга етказиш, 67 минг кишини доимий ишли қилиш, 58 минг ёшни тил ва касбга ўқитиб, бандлигини таъминлаш, 20 минг оилани камбағалликдан чиқариб, камбағалликни 2,8 фоизга, ишсизликни 4,5 фоизга тушириш, Термиз шаҳри, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музработ туманларини “камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш режалаштирилган.
Узун туманида қиймати 400 миллион долларлик мис кластерини барпо этиш, Ангор, Узун, Денов туманларида “Томорқа мактаблари” ташкил этилиб, йилига 10 минг аҳолини томорқадан юқори даромад олишга ўқитиш мўлжалланмоқда. Денов, Олтинсой, Сариосиё, Узун туманларидаги 5 минг гектар майдонда лимончилик плантацияси барпо этилади. Олтинсойдаги олти минг гектарда экспортбоп узум етиштириш йўлга қўйилади. 2 минг 400 гектар интенсив боғ яратилади. 58 минг гектар яйлов ерлари ўзлаштирилиб, чорвачилик йўналишида 165 миллион долларлик 130 та лойиҳа ишга туширилади. 60 миллион долларлик 18 та паррандачилик комплекси ва наслчилик лойиҳаси иш бошлайди. Бойсун – Денов автомобиль йўли тўлиқ қуриб, битказилади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26-27 февраль кунлари вилоятга ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳам халқимиз фаровонлиги, воҳа тараққиёти ва ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилади.
[gallery-28273]
Вилоят аҳолисининг асосий байрам тантаналарида “Китобхон давлат хизматчиси” кўрик-танлови ғолибларига мукофотлар топширилди. Унда биринчи ўринни эгаллаган Шўрчи туманидаги 28-мактаб ўқитувчиси Раъно Оқбоева “Дамас” автомашинаси билан тақдирланди. Иккинчи ўрин ва 15 миллион сўм пул мукофоти Термиз давлат университети декан ўринбосари Муҳиддин Хидировга, учинчи ўрин ва 10 миллион сўм пул мукофоти Денов тадбиркорлик ва педагогика институти магистранти Шохсанам Хазратқуловага насиб этди.
Байрам тантаналари пойтахтимиздан келган ва вилоятнинг эл суйган санъаткорлари иштирокидаги қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Вилоятда байрам тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири