«Термиз» умумқўшин дала-ўқув майдонида 6 август куни Ўзбекистон ва Россия Қуролли Кучлари ҳамкорлигидаги «Жануб – 2021» қўшма ўқувининг асосий машғулотлари бўлиб ўтди.
Ўқувларни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов ҳамда Россия Федерацияси Қуролли Кучлари бош штаби бошлиғи – мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, армия генерали Валерий Герасимов бевосита кузатиб борди.
Дастлаб икки давлат ҳарбийлари ўқув режасига асосан биргаликда шартли ноқонуний қуролланган жангари тўдаларни турли шароитларда зарарсизлантириш бўйича махсус операция ҳаракатларини олиб боришди.
Ўқув режасига кўра, Давлат чегарасини бузиб кириб, кейинчалик ҳудуднинг аҳоли яшаш пунктларидан бирига жойлашиб олган бир гуруҳ ноқонуний қуролланган шартли душман ҳақида учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида разведка маълумотлари олинди.
Қўшинларнинг бирлашган туркуми қўмондонлиги томонидан вазият ҳар томонлама баҳоланиб, душманни яксон қилиш мақсадида биргаликдаги операция ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.
Қарорга асосан, икки давлат бўлинмалари ҳамкорликда турли тактик ҳаракатларни (марш юриши, десантлаш) амалга ошириб, белгиланган ҳудуд ва ҳимоя чизиғини эгаллашди. Шундан сўнг душманга авиация, артиллерия, зирҳланган жанговар техника ва барча турдаги ўт очиш воситалари ёрдамида аёвсиз зарбалар берилиб, уларнинг куч тузилмалари бутунлай йўқ қилинди.
Таъкидлаш жоизки, биргаликдаги ўқув давомида замонавий қурол-аслаҳаларни қўллаган ҳолда жанг олиб бориш тактик ҳаракатларининг янги усуллари амалда қўлланилди.
Реал жанг шароитига яқин тарзда ўтказилган ўқув давомида бўлинмалар иссиқ ҳаво ва ностандарт шароитларга қарамасдан елкама-елка туриб, қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажаришга эришди.
Бу эса икки давлат ҳарбийлари учун тажриба алмашиш, уларнинг амалий билим ва профессионал кўникмаларини ошириш, энг муҳими, ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўқув якунида тантанали тақдирлаш маросими ўтказилиб, унда машғулотларда фаол қатнашган икки мамлакат ҳарбий хизматчилари муносиб рағбатлантирилди.
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва
оммавий коммуникациялар департаменти ходими.
ЎзА