Жанг санъати: Чимкентда ўтган Осиё чемпионатида қадриятларимиз улуғланди
Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида ўзбек жанг санъати бўйича ташкил этилган қитъа чемпионатида Ҳиндистон, Жанубий Корея, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатлардан 1500 нафардан ортиқ спортчилар ғолиблик йўлида курашга киришди.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этганлар Ўзбек жанг санъати спорт турининг халқаро майдонда кенг ривожланаётгани, ёшларнинг севимли спорт турига айланиб улгургани, унинг йўналиш ва машқларида миллий қадриятлар тимсоли акс этганини таъкидлашди.

Мусобақанинг илк кунида 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган ёш атлетлар "Жанг кураши" йўналиши бўйича кураш олиб боришган бўлса, беллашувларнинг иккинчи кунида 16-17 ёш ва катталар ўртасида "Темурийлар беллашуви" ҳамда "Кўргазмали чиқиш" йўналишларида ўзаро куч синашди.

Беллашувларни турли давлатлардан келган ҳакамлар соф ўзбек тилида жанг санъати қоидалари асосида баҳсларни бошқариб боргани миллий спорт турларимиз дунё бўйлаб кенг ривожланаётганидан далолат, дейиш мумкин.

Муросасиз ўтган мусобақалар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Ўзбекистон терма жамоаси қўлга киритди. 2-ўрин Қозоғистон жамоаси, 3-ўринларни эса Қирғизистон ва Тожикистон спортчилари қўлга киритди.
Т.Рўзиев,
ЎзА