Жамоат хавфсизлигини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаси
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида замонавий Тезкор бошқарув маркази фойдаланишга топширилди. Марказнинг ишга туширилиши ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, фавқулодда ҳолатларга тезкор муносабат билдириш ҳамда ички ишлар органлари фаолиятини рақамли технологиялар асосида ташкил этиш имкониятларини кенгайтиради.
Марказнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Муроджон Азимов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, ички ишлар органлари масъуллари ҳамда соҳа фахрийлари иштирок этди.
Тадбир аввалида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг хотираси ёд этилди. Вилоят ҳокими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари хотира бурчагига гулчамбар қўйиб, Ватан тинчлиги, халқ осойишталиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлида жон фидо қилган ходимларнинг жасоратига ҳурмат бажо келтирди.
Бугунги кунда жамоат хавфсизлигини таъминлаш фақат содир этилган ҳуқуқбузарликка муносабат билдириш билан чекланмайди. Ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш, ҳудудлардаги вазиятни доимий кузатиб бориш ва масъул хизматлар ҳаракатини мувофиқлаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Муроджон Азимов марказнинг ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни, замонавий технологияларнинг ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини оширишдаги аҳамиятига тўхталди. Марказда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда тезкорлик ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
[gallery-32149]
Тадбир доирасида вилоятнинг шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари бошлиқларига янги хизмат автомашиналарининг калитлари ҳам топширилди. Ушбу техникалар ҳудудларда хизматни самарали ташкил этиш, содир бўлаётган ҳодисаларга ўз вақтида етиб бориш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашади.
Марказнинг муҳим йўналишларидан бири сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган “Қалқон” ахборот тизимидир. Вилоят ҳокими ва масъуллар марказнинг Куч ва воситаларни бошқариш гуруҳи залида бўлиб, мазкур тизимнинг ишлаш тамойиллари ва амалий имкониятлари билан танишди.
Маълум қилинишича, марказда белгиланган техник талаблар асосида сервер хонаси ташкил этилган ва 38 та сервер қурилмаси кўчириб ўрнатилган. Шунингдек, вилоят ҳудудида ўрнатилган 8 минг 412 та интеллектуал видеокузатув камераси ягона “Қалқон” тизимига интеграция қилинган.
Бу имконият ҳудудлардаги вазиятни марказлашган ҳолда кузатиш, видеокамералардан келиб тушаётган маълумотларни қайта ишлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, содир бўлган ҳодисаларга тезкор муносабат билдириш жараёнларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Марказ фаолиятида фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва улар бўйича тегишли хизматлар ҳаракатини ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ташриф давомида 112 қисқа рақами орқали келиб тушаётган мурожаатларни қабул қилиш, қайта ишлаш ва тегишли хизматларга йўналтириш тизими имкониятлари намойиш этилди.
Мазкур жараёнда хабарларни ўз вақтида қабул қилиш, мурожаатларни аниқ қайд этиш, юзага келган вазиятни баҳолаш ва масъул хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш механизмлари ҳақида маълумот берилди. Айниқса, ҳодиса содир бўлган жойга зарур куч ва воситаларни тезкор йўналтириш, юзага келган ҳолатларни қисқа муддатда бартараф этиш ҳамда мурожаатлар натижадорлигини таъминлаш имкониятлари кўрсатилди.
Ташриф иштирокчилари марказда жойлашган Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармасида яратилган шароитлар билан ҳам танишди. Бугун интернет ва рақамли хизматлардан фойдаланиш кўлами ортиб бораётган бир шароитда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, интернет орқали содир этиладиган фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш ва кибержиноятларни фош этиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Бошқарма масъуллари томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар, жиноятларни аниқлаш ва фош этишда ахборот технологияларидан фойдаланиш, рақамли муҳитда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чоралари ҳақида маълумот берилди.
Тадбир давомида Қўриқлаш хизмати томонидан “Ташвиш тугмаси” тизимининг ишлаш тартиби ва имкониятлари ҳам намойиш этилди. Масъуллар хавфли ёки фавқулодда вазиятларда сигнал юбориш механизми, келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва уларга тезкор муносабат билдириш жараёнлари ҳақида тушунтириш берди.
Ташриф доирасида марказ таркибида фаолият юритувчи Ҳуқуқий статистика бўлимида яратилган шароитлар ҳам кўздан кечирилди. Бўлим фаолияти, маълумотларни шакллантириш ва таҳлил қилиш, ахборотларни тизимлаштириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка оид кўрсаткичлар билан ишлаш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Вилоят ҳокими ва масъуллар бўлимда яратилган шароитлар билан танишиб, фаолиятни самарали ташкил этиш юзасидан фикр ва тавсияларини билдирди.
Тадбир якунида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида марказ ҳудудида рамзий кўчат экиш маросими ўтказилди. Вилоят ҳокими, масъуллар ва иштирокчилар кўчат экиб, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда атроф-муҳитни асрашга ҳисса қўшди.
Янги Тезкор бошқарув марказининг ишга туширилиши Қашқадарё вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари