Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари – мамлакатда ижтимоий, сиёсий барқарорликни таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини ўстириш ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим бўғин ҳисобланади.
Фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият тараққиётидаги ўрни ва роли муҳим эканлиги инобатга олиниб, бу борада зарур ташкилий-ҳуқуқий, иқтисодий-молиявий асосларни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунлар, қатор ҳужжатлар қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2021 йил 4 мартдаги “2021 - 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштириш ва янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, ўтган 2023 йилнинг 11 сентябридаги Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонида ҳам фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси ҳузуридаги, шунингдек, халқ депутатлари вилоят кенгашлари ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари фаолияти алоҳида ўрин тутмоқда.
Бу борада Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Ҳудудий жамоат фондига 2023 йил давомида маҳаллий бюджет ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан фуқаролик жамиятларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 5 миллиард 101 миллион 729 минг сўм маблағ ҳисобидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг қатор лойиҳалари, шунингдек, субсидияси шаклида фуқаролик жамияти институтлари – ногиронлар жамияти, кўзи ожизлар жамияти туман, шаҳар бўлинмалари, ногиронлар ассоциацияси, карлар жамиятининг туман бўлимлари, Андижон вилояти Савдо саноат палатаси ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган Қирғиз, Рус, Корейс, Арман ва Уйғур миллий маданий марказлари вилоят бўлимлари молиялаштирилди.
[gallery-19248]
– Ўтган 2023 йилда фондимиз томонидан “Жамият ислоҳотлар ташаббускори”, “Инсон ўзгарса – жамият ўзгаради” мавзуларида эълон қилинган 2 та давлат грант танловига нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўзларининг 20 дан зиёд лойиҳаларини тақдим этди, – дейди халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши қошидаги жамоат фонди раҳбари Зардуна Исмоилова. – Комиссия қарорига кўра, танловларда ижтимоий аҳамиятга эга, долзарб 16 лойиҳа ғолиб деб топилди. Ана шу лойиҳаларни амалга ошириш учун 380 миллион сўм миқдорида грант маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари, 4 миллиард 467 миллион 925 минг субсидия кўринишида, давлат ижтимоий буюртмаси доирасидаги ишлар учун 400 миллион сўм, Савдо саноат палатаси ҳамда Миллий-маданий марказларнинг вилоят бўлимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 4 миллиард 513 миллион 272 минг сўм маблағ йўналтирилди.
Фонд маблағлари мавзулар доирасида давлат ижтимоий буюртмасида белгиланган ишлар, ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масалалар, хусусан, ёшлар, хотин-қизлар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг соғлигини тиклаш, бандлигини таъминлаш, умуман, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этилишига қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга ажратилди.
Масалан, Ногиронлар жамияти Андижон вилоят бўлими томонидан амалга оширилган “Аёллар соғлигига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор” деб номланган лойиҳа доирасида саратон хасталигига чалинган ижтимоий ҳимояга муҳтож бир гуруҳ аёлларнинг даволанишига кўмаклашилди.
– Ота-онасиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни спортга жалб этиш, уларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги лойиҳамиз билан фонднинг грантлар танловида қатнашиб, ғолиб бўлган эдик, – дейди Андижон вилояти ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Акмалжон Алиев. – Фонд маблағи кўмагида кўплаб юқоридаги тоифага кирувчи болалар спортга жалб этилди. Бир йил давомида ана шу болалар орасидан 5 нафари республика ва халқаро мусобақаларда олтин медаль олишга сазовор бўлди.
Шунингдек, Марҳамат туманида фаолият олиб бораётган “Мингтепа маданий мерос” жамоат фондининг “Маданий мерос объектлари буюк тарихимизни ўзида мужассам этувчи, инсонга ғурур берувчи, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбияловчи, туризмни ривожлантирувчи масканлардир” мавзусидаги лойиҳа доирасида нафақат Марҳамат туманидаги, балки вилоятдаги тарихий ёдгорликлар ва зиёратгоҳларни асраш, ободонлаштириш, улар ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларга кенг тушунча ва билимлар бериш, ички туризмни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди, танловлар ўтказилди.
Хўжаобод тумани “Ҳақиқат” газетаси таҳририяти томонидан амалга оширилган “Биз бағрикенг ва тинчликсевар Ўзбекистонда яшаймиз” деб номланган лойиҳа доирасида эса аҳоли, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган мақола ва китоблар чоп этилиб, мактабларга бепул тарқатилганлиги ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Жорий – 2024 йилнинг биринчи чорагида фонд томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб қувватлашга 1 миллиард 72 миллион 808 минг сўм маблағ ажратилди. Жумладан, грант танловида Кўзи ожизлар жамияти Қўрғонтепа туман бўлимининг “Янги Ўзбекистоннинг янги авлодини тарбиялаймиз”, Хонобод шаҳар бўлимининг “Бизлар ҳеч кимдан кам эмасмиз” лойиҳаларини амалга ошириш учун 75 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, кўзи ожиз болаларни ўқитиш, уларни брайл ёзувидаги адабиётлар билан таъминлашга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Умуман, бу йил грант танловлари ғолибларига 250 миллион сўм ажратилди.
Шунингдек, давлат субсидияси бўйича 769 миллион 803 минг сўм, давлат ижтимоий буюртмаси учун 400 миллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.
Умуман, фонд томонидан ажратилаётган маблағлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/U_3e7PqH3QU?si=_chIevF2fhmE6PLX" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари