Жамиятни бирлаштирувчи юксак ғоя
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида дастлаб “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, ушбу ҳужжатда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя илгари сурилиб, у жамиятни бирлаштирувчи, фуқароларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамловчи асос сифатида белгиланган.
Янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз инсон қадр-қимматини юксалтириш, кўп миллатли жамиятимизда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда мустаҳкам таянч бўлиб келаётгани урғуланди.

Шундан сўнг йиғилишда аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда айрим жиноятлар тергови самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
У билан Жиноят-процессуал кодексига жинсий эркинликка ҳамда айрим турдаги ахлоққа қарши жиноятлар бўйича дастлабки терговни ички ишлар органларидан прокуратура органларига ўтказиш, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга ушбу тоифадаги ишларнинг тергови прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши ва жазо ўташ жараёнида қонунчилик ижроси устидан прокурор назоратини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилинишига, жинсий зўравонлик ҳолатларини фош этиш, бу турдаги жиноятларни тергов қилиш сифати ошишига ҳамда жазо муқаррарлиги таъминланишига хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар лойиҳадаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Мутасаддилар кўтарилган барча саволларга тушунтиришлар бериб ўтди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА