Мамлакатимизда ўтказилаётган Бутунжаҳон креатив иқтисодиёт конференциясига турли давлатлар вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, экспертлар креатив иқтисодиёт соҳасидаги глобал тенденциялар ва инновацияларни муҳокама қилмоқда.
Конференцияда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, технологик экотизимни кучайтириш ва IT соҳасида инновацияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган дастурлар ҳақида маълумот берди.
Шу билан бирга, креатив иқтисодиётнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, унинг иқтисодий барқарорликка ва жамият ривожланишига қўшган улуши ҳақида гапирди.
Рақамли технологиялар ва креатив иқтисодиётнинг ўзаро уйғунлашуви мамлакатлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Инновацион ечимлар ва IT стартаплар глобал бозорга чиқиш имкониятини беради, шунингдек, давлатларнинг халқаро аренадаги рақобатбардошлигини оширади.
Шунингдек, тадбир доирасида бўлиб ўтган сессия давомида давлат хизматларининг рақамлаштирилиши фуқаролар учун тез, самарали ва шаффоф хизмат кўрсатишни таъминлаш, таълим ва кадрлар тайёрлаш – рақамли технологияларни чуқур ўрганган, замонавий билимларга эга мутахассислар тайёрлаш ва янги иш ўринлари яратиш каби мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди.
Иқтисодиётнинг барча соҳаларига рақамли технологияларни татбиқ этиш орқали самарадорликни ошириш ва инвестициялар учун қулай муҳит яратиш, Ўзбекистонни рақамли технологиялар бўйича глобал миқёсда тан олинган мамлакатлар қаторига қўшиш учун халқаро тажриба ва лойиҳаларни жорий этиш каби мавзулар кўриб чиқилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА