Жаҳонгирнинг ғалабалари
Жиззах замини азалдан мардлик, жасорат ва матонат билан ном қозонган фарзандларни тарбиялаб келади. Бу юртнинг бугунги муносиб ворисларидан бири — ҳалқаро майдонларда Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтариб, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ёш боксчи, Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг “н” ҳарбий қисми гуруҳ командири Жаҳонгир Зокировдир.
Унинг ҳаёт йўли — истеъдод, меҳнат, интизоми ва Ватанга садоқат уйғунлашган ибратли умрдир. Ана шу фазилатлари билан у бугун нафақат спорт аҳлининг, балки юртдошларининг ҳам чинакам ғурурига айланган.
Жаҳонгир Зокиров 2003 йил 17 май куни Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида дунёга келди. Болалигидан спорт муҳитида улғайган Жаҳонгирнинг тақдири ринг билан эрта туташди. Бунга унинг отаси — кўп йиллардан буён бокс мураббийи сифатида фаолият юритиб келаётган Лазизбек Зокировнинг меҳнати, тарбияси ва ҳаётий намунаси мустаҳкам пойдевор бўлди. Онаси Севара Зокирова эса фарзандининг билимли, маънавиятли ва юксак инсон бўлиб камол топиши учун меҳр ва сабр билан йўл кўрсатди.

Рингдаги ҳар бир ғалаба ортида йиллар давомидаги машаққат, тинимсиз машғулотлар, ирода ва ўзини аямаслик мужассам. Жаҳонгир Зокиров бу ҳақиқатни жуда эрта англади. Шунинг учун ҳам у ўсмирлик йиллариданоқ мамлакатимиздаги энг нуфузли мусобақаларда етакчилар сафидан жой олди.

2018 йил Фарғона шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон кубогида +80 килограмм вазн тоифасида ғолиб бўлиши унинг катта спортдаги илк йирик муваффақиятига айланди. Шу йилнинг ўзида Беларусь пойтахти Минск шаҳрида В.В.Ботвинкин хотирасига бағишланган халқаро турнирда ҳам чемпионликни қўлга киритиб, ўз иқтидорини халқаро майдонда намойиш этди.

2019 йил эса ёш боксчи учун юксалишлар даври бўлди. Тошкент шаҳрида ўтказилган хотира турнири, Хоразмдаги Ўзбекистон чемпионати, Озарбайжондаги “Heydar Aliyev Cup” халқаро турнири, Гомель шаҳридаги халқаро мусобақа, БААнинг Фужайра шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионати ҳамда Андижондаги мамлакат чемпионатида кетма-кет қўлга киритилган олтин медаллар унинг мамлакатимиз боксининг энг истиқболли вакилларидан бири эканини кўрсатиб берди.

2020 йилдан бошлаб Жаҳонгир Зокиров Ўзбекистон бокс бўйича катталар терма жамоаси аъзоси сифатида мамлакат шарафини ҳимоя қила бошлади. Россиянинг Комсомольск-на-Амуре шаҳридаги халқаро турнирда чемпионликни нишонлади, Беларусда бронза медалига сазовор бўлди, Тошкентда ўтказилган катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. 2021 йил Черногориянинг Бар шаҳридаги халқаро турнир, “Adriatic Pearl” мусобақаси, Польшанинг Келсе шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва Бирлашган Араб Амирликларидаги Ёшлар Осиё чемпионатида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Худди шу йили унга Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси унвони берилди. Йил якунида эса катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ғолиблигини ҳам қўлга киритди.
2022 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган 19–22 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди.

2023 йил Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида 22 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида яна бир бор ғолиблик шарафига эришди.
2024 йил унинг фаолиятида яна бир муҳим босқич бўлди. Болгария пойтахти София шаҳрида ўтказилган 75-анъанавий “Strandja” турнирида +92 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Шу йили Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги Осиё чемпионатида чемпионликни нишонлади, Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида эса бронза медали соҳибига айланди.

2025 йил Жаҳонгир Зокиров учун жаҳон миқёсидаги синовлар йили бўлди. Польшанинг Варшава шаҳридаги Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритди. Бразилиянинг Фос-ду-Игуасу шаҳрида ўтказилган Жаҳон кубогида ҳам ғолибликни тантана қилди. Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон чемпионатида мамлакат чемпиони бўлди.
Энг муҳими, Англиянинг Ливерпуль шаҳрида ўтказилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида суперфиналгача етиб бориб, кумуш медални қўлга киритди. Бу натижа нафақат унинг шахсий фаолиятидаги, балки ўзбек оғир вазн боксининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаган ёрқин ютуқлардан бири бўлди.
2026 йилда ҳам у ўзининг барқарор спорт формасини сақлаб қолди. Тошкент шаҳридаги катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида +90 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Кейинчалик Бразилиянинг Фоз-де-Игуасу шаҳрида ўтказилган Жаҳон кубогининг биринчи босқичида бронза медалига сазовор бўлди.
Жаҳонгир Зокиров бугун Жиззах давлат педагогика университетида таҳсил олиб, спорт билан илмни уйғун олиб бораётган ёшлар сафидадир. Ҳарбий хизматдаги масъулияти, спортдаги интизоми ва ҳаётдаги камтарлиги унинг шахсий фазилатларини янада ёрқин намоён этади.
Унинг ҳаётига назар ташлар эканмиз, бир жиҳат яққол кўзга ташланади: ҳар бир медал ортида беқиёс меҳнат, ҳар бир ғалаба ортида Ватан шаънини улуғлашга бўлган юксак масъулият мужассам. Рингда рақибини енгиш учун аввало инсон ўзини енгиши кераклигини Жаҳонгир Зокиров ўз ҳаёти ва фаолияти билан исботлаб келмоқда.
Бугун у нафақат чемпион, балки юксак ватанпарварлик, садоқат ва матонат тимсоли сифатида юрт ёшлари учун муносиб ибрат мактабидир.
Жиззах замини бағрида вояга етган бу мард ўғлоннинг спортдаги муваффақиятлари, ҳарбий хизматдаги фидойилиги ва Ватан байроғини халқаро ареналарда юксакларга кўтариш йўлидаги хизматлари унга “Мард ўғлон” давлат мукофотини олиш бахтини насиб этди.Унинг босиб ўтган йўли шундан далолат берадики, Ватанга муҳаббат, оила тарбияси, меҳнатсеварлик ва мустаҳкам ирода бирлашган жойда ғалаба албатта муқаррар бўлади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири