Жаҳонгир Зокиров Лас-Вегасда америкалик боксчини мағлуб этди
Бугун, 29 июнь эрта тонгда АҚШнинг Лас-Вегас шаҳридаги “The Chelsea at the Cosmopolitan” аренасида профессионал бокс бўйича ўтказилган “Zuffa 8” турнирида ҳамюртимиз Жаҳонгир Зокиров америкалик Зачарий Спиллерга қарши рингга кўтарилди.
Жаҳонгир Зокиров учун “Zuffa Boxing” лигасидаги баҳси дебют ҳисобланиб, рақиби билан 6 раундли жанг ўтказиши лозим эди.
Профессионал боксдаги фаолияти мобайнида беш марта расмий жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган Спиллер Зокировнинг зарбалари қаршисида ожиз қолди.

Бир кун муқаддам вазн ўлчаш маросимида 116,12 кило тош босган Зачарий Спиллер 114,76 кило оғирликка эга Жаҳонгирнинг шиддатли зарбаларига дош бера олмади. Жанг 2-раундда техник нокаут билан якунланди. Шу тариқа Жаҳонгир профессионал боксдаги иккинчи ғалабасини тантана қилди.
Т. Рўзиев, ЎзА