Жаҳонга юз тутаётган ўзбек адабиёти
Ўзбек адибаси Муҳаббат Йўлдошева “Ўзбек адабиётини дунё ўқисин!” номли шиор остида ўзбек адабиётини тарғиб қилиш лойиҳасини бошлаганига роппа-роса 5 йил бўлди.
Бу вақт ичида 30 нафар ўзбек адибларининг инглиз ва рус тилларидаги 100га яқин асарлари АҚШ, Бельгия, Покистон, Англия, Миср, Франция, Украина, Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Хитой каби хорижий давлатларнинг адабий нашрларида эълон қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, хорижий нашрларга тавсия этилган асарларни ўзбек тилидан рус тилига Муҳаббат Йўлдошеванинг ўзи таржима қилган.

Сўнгги бир ой ичида ўзбек адибларининг ўндан зиёд асарлари Англия, Покистон, Россия, Украина, Вьетнам каби хорижий давлатларнинг адабий нашрларида чоп этилди.
Украинанинг “Автограф” адабий журналида ўзбек адибларидан Ғафур Шермуҳаммаднинг “Двойные хлопоты” номли ҳикояси, шоир Минҳожиддин Мирзонинг “Не уходи”, “Капельки в душе” каби туркум шеърлари, Обид Қўлдошнинг “Полвон” ва “Тварь” номли ҳикоялари, Муҳаббат Йўлдошеванинг “Красное яблоко” номли ҳикояси, Шерзод Комил Халилнинг “Лебеди” номли ҳикояси, Ориф Тўхташнинг “Воробей-кляузник” номли эртаги ва Хуршид Тожибоевнинг “Гонка страуса и Верблюда”, “Качели”, “Пингвинёнок-рыболов”, “Сказка о дружбе” каби эртаклари чоп этилди.
Ёзувчи Ғафур Шермуҳаммаднинг “The Double Trouble” (“Қўшалоқ даҳмаза”) номли ҳикояси, шоир Минҳожиддин Мирзонинг “Don’t Whisper, Wind!” ( “Шивирлама, шаббода!”) номли шеъри ва адиба Муҳаббат Йўлдошеванинг “Eid’s Treat” (“Ҳайитлик”) номли ҳикояси бирданига иккита хорижий нашрда – Покистондаги “Sindh Courier” адабий нашри ва Англиядаги “DASH” журналида инглиз тилида чоп этилди.

Россиянинг “Камертон” адабий-тарихий журналида Минҳожиддин Мирзонинг “Я с надеждою в путь устремлен” сарлавҳаси остидаги туркум шеърлари, Хуршид Тожибоевнинг “Сказка о дружбе”, “Качели”, “Гонка страуса и верблюда” номли эртаклари, Муҳаббат Йўлдошеванинг “Дети в белом” номли ҳикояси ҳамда “Бабочка”, “Домашные цветы” номли эртаклари чоп этилди.
Куни кеча узоқ Вьетнамдан адиба Муҳаббат Йўлдошеванинг “Бинафша” номли эртаги “Chu՚ Yang Sin” босма журналида вьетнам тилида чиққани ҳақидаги ажойиб хушхабар келди.

– Ўзбек адабиётини дунёга тарғиб қилишда турли чет тилларига таржима қилувчи таржимонлар етишмаслиги катта тўсиқ бўляпти, – дейди адиба Муҳаббат Йўлдошева. – Насрий асарларни рус тилига асосан ўзим таржима қиламан. Айни пайтда болалар адабиётини тарғиб қилишга кўпроқ эътибор қаратяпмиз. Болаларга аталган асарларни болалар ёзувчиси Гулноз Тожибоева рус тилига таржима қиляпти. Асарларни инглиз тилига таржима қилишда эса ёш таржимонлар Мунира Норова ва Ҳилола Нажмиддинова ёрдам беришяпти. Ҳозир немис, испан, турк ва бошқа тилларга ўзбек тилидан бевосита таржима қилувчи маҳоратли таржимонларни излаяпмиз. Шу ишни амалга ошира олсак, шубҳасизки, ўзбек адабиётини янада кўпроқ халқлар ўқийди.
Д.Маматова, ЎзА