Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнидаги сўнгги янгиликлар ва келгусидаги режаларга бағишланган махсус илмий мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги эришган сезиларли ютуқлари, жумладан, музокаралар жараёнининг бориши, қабул қилинган муҳим қарорлар ва халқаро ҳамжамиятда муҳокама қилинаётган масалалар хусусида сўз борди. Хусусан, иштирокчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши миллий иқтисодиётни либераллаштириш, рақобатбардошликни ошириш ва халқаро бозорларга чиқиш учун улкан имкониятлар яратади. Бу эса мамлакатнинг глобал савдо тизимидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Депутат У.Ёқубхўжаев Ўзбекистоннинг миллий қонунчилигини ЖСТнинг фундаментал тамойиллари ва меъёрларига мослаштириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталди. Бу жараён савдо сиёсати, интеллектуал мулк ҳуқуқлари, сармоявий муҳит ва бошқа соҳалардаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришларни қамраб олади. Маърузачи ислоҳотларнинг мақсад ва аҳамиятини, шунингдек, уларнинг мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини бажаришдаги ўрнини тушунтирди.
Бу ислоҳотлар савдо ва инвестиция муҳитини янада шаффоф ва қулай қилишга қаратилгани алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, тадбир давомида У. Ёқубхўжаевнинг янги китоби – “ЖСТнинг ҳуқуқий архитектураси ва унинг ассиметриялари”нинг тақдимоти бўлди.
Қайд этилганидек, ушбу фундаментал асар ЖСТнинг ҳуқуқий асосларини, унинг глобал савдо тизимидаги ўрнини, шунингдек, ривожланаётган мамлакатлар дуч келиши мумкин бўлган номутаносибликлар ва чақириқларни чуқур таҳлил қилади.
Китоб халқаро савдо ҳуқуқи, иқтисодиёт ва дипломатия соҳасидаги мутахассислар, тадқиқотчилар ва талабалар учун муҳим қўлланма бўлиши кутилмоқда. Тақдимот давомида китобнинг асосий ғоялари ва унинг аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА