Жаҳон савдо ташкилоти қароргоҳидан Женева университетигача
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи ўқувчиларидан иборат делегация Швейцарияга амалга оширилаётган таълим сафари доирасида Женева шаҳридаги халқаро ташкилотлар ва нуфузли таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишди.
Делегация Жаҳон савдо ташкилоти (WTO) қароргоҳига ҳам ташриф буюрди. Бу йил мазкур тарихий бинонинг 100 йиллиги нишонланаётгани ташрифнинг аҳамиятини янада оширди.
Ташриф давомида ўқувчилар Жаҳон савдо ташкилотининг халқаро савдо тизимидаги ўрни, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳақида батафсил маълумот олди. Шунингдек, ташкилот тарихи, қароргоҳ биносининг меъморий қиймати ҳамда халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдаги аҳамиятига бағишланган тақдимотда иштирок этди.

Шундан сўнг делегация Женева университетида бўлиб, олий таълим муассасасининг ўқув жараёни, халқаро таълим дастурлари ва илмий-тадқиқот фаолияти билан танишди. Университет мутахассислари томонидан таълим муассасасининг тарихи, факультетлари, қабул тартиби ҳамда хорижлик талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Учрашув давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, хорижда таълим олиш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Таълим сафари доирасида делегация аъзолари Швейцариянинг бой тарихий ва маданий мероси билан ҳам танишди. Улар Женева шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасида бўлиб, дипломатик ваколатхона фаолияти ҳақида маълумот олди. Шунингдек, Альп тоғлари бағрига саёҳат қилди, Женеванинг машҳур боғлари, тарихий ва сайёҳлик масканларини зиёрат қилиб, мамлакатнинг табиати ва маданий муҳити билан яқиндан танишди.

Бундай учрашув ва саёҳатлар ўқувчиларнинг халқаро ташкилотлар, глобал иқтисодиёт, дипломатия ва жаҳон таълим тизими ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиш, уларнинг дунёқараши ҳамда келгусидаги академик ва касбий мақсадларини белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

ЖИДУ академик лицейи ўқувчиларининг Европага амалга оширилаётган таълим сафари кейинги манзил – Германияда давом этмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА