Жаҳон ҳафта ичида: Чангда қолган Гераклион, ЖЧга чиққан Ироқ, Нишонда қолган Кувайт танкери
Ўтаётган ҳафта дунё бўйлаб турли қизиқарли ҳодисалар юз бериб, ўзига хос тарзда ёдда қолди.
Одатга кўра, эътиборингизга “Жаҳон ҳафта ичида” рукни орқали ҳафтанинг энг муҳим воқеалари қисқача тафсилотини суратлар ёрдамида ҳавола этамиз.

Исроилнинг Ливанга ҳаво ҳужумлари ортидан Байрут шаҳридаги бинолардан бирида кучли портлаш содир бўлди.

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида дрон ёрдамида олинган ушбу сурат ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришгач, бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб қила бошлади ва мазкур аҳоли манзили шаҳарнинг сайёҳлик йўналишларидан бирига айланди.

Малтанинг Гашак шаҳрида полиция ходимлари диний маросим олдидан Рим аскари кийимидаги иштирокчини кузатиб турибди.

Тель-Авив. Эрон Исроил томон ракета учиргач, сиреналар овози янграган пайти маҳаллий аҳоли вакили ўз итини бошпанага олиб кетмоқда.

Крит ороли. Саҳрои Кабирдан кўтарилган қум бўрони сабаб чанг ичида қолган Гераклион шаҳри манзараси.

Канада. Қутб тулкиси Нунавут ҳудудидаги Кембриж-Бей шаҳри ахлатхонаси яқинида атрофни кузатмоқда.

АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан зиддияти фонида Теҳронда полиция ходими хавфсизликни назорат қилмоқда.

Ироқ футбол жамоаси конфедерациялараро плей-оффда Боливияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, 1986 йилдан бери илк бор ФИФА Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритганидан сўнг, маҳаллий аҳоли Мосул кўчаларида байрам қилишмоқда.

“Japan Airlines” авиакомпаниясининг янги ишга олинган ходимлари Токио шаҳридаги Ҳанеда аэропорти ангарида бўлиб ўтаётган танишув маросимида иштирок этишмоқда.

Одамлар Германиянинг Кёлн шаҳридаги Людвиг музейида “Чексиз акслар хонаси” номли арт-инсталляцияси бўйлаб сайр қилмоқда.

Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги темир йўл вокзалида йўловчилардан бири ўз она шаҳрига қайтиш учун вагонга дераза орқали киришга уринмоқда.

Шимолий Кореяни Хитойдан ажратиб турувчи Ялу дарёсида патруль қайиғи устида машқ қилаётган КХДР аскари.

Украиналик болалар Львов шаҳри марказида РФ дронидан зарар кўрган кўп қаватли уй яқинида ортга қарамоқда.

Буюк Британия. Лондоннинг “Maxzikey Hadat” синагогаси ёнида тўртта тез ёрдам машинасига ўт қўйилиши ортидан суд-тиббиёт экспертлари гуруҳи суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Хизматчилар Пекин шаҳрида Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши очилиш сессиясига тайёргарлик кўрмоқда.

Фаластинликлар Хон Юнус шаҳридаги лагерда қум бўрони пайти чодирни мустаҳкамлашга уринмоқда.

Нью-Йоркнинг “LaGuardia” аэропортида “Air Canada Express” самолёти ер усти транспорти билан тўқнашиб кетди.

БАА қирғоқлари яқинида Кувайт байроғи остидаги “Ал-Салми” номли нефть танкерига шикаст етди. Таъкидланишича, танкер Дубай яқинида лангарда турган пайти Эрон ҳаво ҳужумига учрагач, унда ёнғин келиб чиққан.

Ой атрофидан учиб ўтишга мўлжалланган “Artemis II” миссияси экипажи – NASA астронавтлари Рид Уайзмен, Виктор Гловер, Кристина Кох ҳамда Канада космик агентлиги астронавти Жереми Ҳансен Кеннеди космик марказида коинотга учишга ҳозирлик кўрмоқда.

Ливан. Байрутда кўчирилганлар учун ташкил этилган вақтинчалик лагерда ёш қизча ўз оиласи чодири ёнида ролик учмоқда.

Жанубий Корея. Хан дарёси бўйидаги боғда “BTS” гуруҳининг қайтишини нишонлаш учун уюштирилган шоуда дронлар ушбу мусиқий гуруҳ аъзоси Жон Кук шаклида парвоз қилмоқда.
Ўткир Мирзо, ЎзА