Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 88 та давлатнинг 850 нафардан зиёд ёш шахматчилари иштирокида U8, U10, U12 ёш тоифалари ўртасида ўтаётган навбатдаги жаҳон чемпионатининг 1-тур ўйинлари ортда қолди.
Кеча ўтказилган мазкур тур ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан 8 ёшли ўғил болалардан Фазлиддин Фарҳодов, 8 ёшли қизлардан Муниса Машраббоева, Аминабону Зоҳирова, Зарина Ларина, Кумушой Узоқова, 10 ёшли ўғил болалардан Нурмуҳаммад Неъматиллахонов ва Акбар Мустафоқулов, 12 ёшли ўғил болалардан Орият Обиджонов, 12 ёшли қизлар орасида Сарвиноз Бекмуратова ғолибликка эришди.

Ҳамюртларимиздан Музаффаржон Абдурасулов ва Ҳуснорахон Ҳуснитдинова ўз ёш тоифаларида рақиблари билан дурангга эришди.
Айтиш лозим, чемпионатнинг ҳар бир ёш тоифасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларга 20 минг евро қийматидаги совғалар тақдим этилади.

12 ёшгача бўлганлар ўртасидаги баҳсларда 1-ўринни эгаллаган шахматчиларга ФИДE спорт устаси, қизлар ўртасида эса ФИДE аёллар спорт устаси унвонлари тақдим этилади. 8 ва 10 ёшгача бўлган совриндорлар эса ФИДE спорт усталигига номзод спорт унвони соҳиблари бўлишади.
Бугун, 20 сентябрь куни 11 та турдан иборат жаҳон чемпионатининг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Унда 1-турда ғолибликка эришган ёш шахматчиларимиздан Фазлиддин Фарҳодов ҳиндистонлик, Муниса Машраббоева чехиялик, Аминабону Зоҳирова украиналик, Зарина Ларина АҚШлик, Кумушой Узоқова мўғулистонлик, Нурмуҳаммад Неъматиллахонов венгриялик, Акбар Мустафоқулов туркиялик, Орият Обиджонов қозоғистонлик, Сарвиноз Бекмуратова македониялик тенгдоши билан баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрга қадар давом этидан жаҳон биринчилигида мамлакатимизнинг 16 нафар истеъдодли спортчи ёшлари иштирок этмоқда.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА