Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи терма жамоалар турнир давомида қанча маблағ ишлаб топиши эълон қилинди
Жорий йилнинг июнь ва июль ойларида Америка қитъасининг 3та давлати АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонлари футбол бўйича жаҳон чемпионати баҳсларига мезбонлик қилади.
Жаҳон чемпионатида терма жамоалар қанча маблағ ишлаб топиши тақсимлаб чиқилди. Унга кўра, мусобақада чемпионликни тантана қилган терма жамоа 50 миллион доллар ишлаб олади. Финалгача етиб келиб, мағлуб бўлган юрт вакилларига 33 миллион доллар насиб этади. Бронза медалларига эга чиққан терма жамоа эса 29 миллион долларни қўлга киритса, кучли тўртликдан жой олган терма 27 миллион доллари ўзиники қилади. 5-8-ўринларни эгаллаган жамоаларга эса 19 миллион доллардан мукофот пули тақдим этилади. Бундан ташқари, нимчорак финал босқичигача етиб келган ҳар бир терма жамоа 15 миллион доллар миқдоридаги мукофот пулини қўлга киритади. Гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаган жамоаларга эса 11 миллион доллардан тақдим этилади. Шу билан бир қаторда, мундиалда иштироки учун ҳар бир жамоа 9 миллион доллар миқдоридаги пулни қўлга киритади. ФИФА мундиал учун умумий 727 миллион доллар мукофот пулларини сарфлайди.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати баҳслари 11 июнь куни старт олади.
Ушбу мақола jch.uza.uz сайтида эълон қилинган. Шунга ўхшаш мақолаларни ушбу сайтда ўқишингиз мумкин.