Жаҳон банки ҳисоботи: Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 5,8 фоизгача камайган
Жаҳон банкининг Ўзбекистонда камбағаллик ва тенгликни баҳолаш бўйича ҳисоботига кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17,0 фоиздан 2025 йилда 5,8 фоизгача камайган. Шу даврда 3,7 миллион киши камбағалликдан чиққан.
Ўзбекистондаги камбағалликнинг қисқариши Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги умумий натижанинг қарийб 40 фоизини ташкил этган. Қишлоқ жойларда камбағаллик шаҳарларга нисбатан тезроқ пасайиб, қишлоқ ва шаҳар аҳолиси ўртасидаги фарқ сезиларли даражада қисқарган.
Мамлакатда аҳолининг иқтисодий имкониятлари ҳам кенгайган. 2021 йилда 37 фоизни ташкил этган ўрта қатлам улуши 2025 йилга келиб 72 фоиздан ошган. 2019-2024 йилларда аҳолининг 44 фоизи юқорироқ иқтисодий тоифага кўтарилган.
Бандлик кўрсаткичларида ҳам ижобий ўзгариш кузатилган. Энг кам таъминланган хўжаликларда эркакларнинг маошли ишдаги улуши 2022-2025 йилларда 18 фоиздан 46 фоизга етган. Кам даромадли ходимларнинг реал иш ҳақи эса йилига ўртача 11-12 фоизга ўсган. Бандликнинг кенгайиши ва иш ҳақи ошиши камбағаллик даражасининг 9 фоиз пунктга пасайишига, ижтимоий суғурта тизими эса яна 2,0 фоиз пунктлик қисқаришга ҳисса қўшган.
Шу билан бирга, меҳнат бозорида имкониятлар тенглиги масаласи долзарблигича қолмоқда. Хусусан, бир хил малака даражасига эга бўлган аёлларнинг даромади эркакларникидан 35-40 фоизга паст.
Ўзбекистон 2030 йилга қадар юқори ўрта даромадли мамлакатлар қаторига киришни мақсад қилган. Жаҳон банки ҳисоботида бу мақсадга эришиш учун сифатли таълим ва меҳнат бозори талаб қилаётган кўникмаларни ривожлантириш, болаларни парваришлаш хизматларини кенгайтириш, ҳудудлар ва маҳаллалар ўртасидаги боғлиқлик ҳамда давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, шунингдек, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш зарурлиги қайд этилган.
Бугун Тошкентда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилган форумда мазкур натижалар тақдим этилди.
Тадбирда соҳа масъуллари, мутахассислар, халқаро экспертлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Унда Жаҳон банкининг Ўзбекистонда камбағаллик ва тенгликни баҳолаш: Фаровонликка эришиш ва барча учун имкониятларни кенгайтириш сари” янги ҳисоботи тақдимот қилинди.
Тадбирда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев ҳамда бошқалар мамлакатда аҳоли даромадларини ошириш, иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар натижалари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, форумда камбағалликни янада қисқартириш, муносиб иш ўринларини кўпайтириш, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги тафовутларни камайтириш масалалари муҳокама қилинди.
–Ҳисобот натижалари сўнгги йилларда бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасидаги оилалар учун реал натижа бераётганини яна бир бор тасдиқлайди. Вазирлик муносиб иш ўринларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш борасидаги ишларини давом эттиради, токи камбағалликни қисқартиришдаги эришилган натижалар барқарор бўлиб, мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олсин, –деди Марат Жўраев.
[gallery-31566]
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича минтақавий амалиёт директори Абебе Адугна иқтисодий ўсиш иш ўринлари яратилиши ва уй хўжаликлари даромадларининг ошиши билан уйғунлашганда аҳоли фаровонлигига таъсир кўрсатишини таъкидлади.
–Ушбу салмоқли натижалар иқтисодий ўсиш иш ўринлари яратилиши ва уй хўжаликлари даромадларининг ошишига олиб келганда нималарга эришиш мумкинлигини кўрсатади. Кейинги вазифа эса Ўзбекистондаги барча одамлар, қаерда яшашидан, жинсидан ёки ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, хавфсиз ва фаровон ҳаёт қуриш учун зарур бўлган кўникмалар, хизматлар ва имкониятлардан фойдалана олишини таъминлашдан иборат, – деди у.
Ҳисоботда юқори даромадли иш ўринларидан фойдаланиш имкониятлари ҳудудлар кесимида бир хил эмаслиги, бундай имкониятлар асосан Тошкент ва айрим йирик шаҳарларда жамлангани қайд этилган. Шунингдек, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иштироки ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифалардан бири сифатида кўрсатилган.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасиннинг таъкидлашича, камбағалликни қисқартириш билан бир қаторда барқарор иқтисодий имкониятларни яратиш ва ўрта қатламни мустаҳкамлашга эътибор қаратиш зарур.
–Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш билан чекланиб қолмасдан, барқарор иқтисодий имкониятлар яратиш ва ўрта қатламни мустаҳкамлаш сари ҳаракатланмоқда. Эришилган натижанинг барқарорлигини таъминлаш ва уни мамлакатнинг ҳар бир вилояти, тумани ҳамда маҳалласига тарқатиш учун инсон капиталига сармоя киритиш, меҳнат бозорига борган сари юқори малака билан кираётган ёшлар учун иш ўринлари яратиш, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, ҳудудлар ўртасидаги боғлиқликни ошириш ва самарали ижтимоий ҳимоя тизими ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – деди у.
Форум якунида камбағалликни қисқартиришда эришилган натижаларни барқарор сақлаш, аҳоли учун муносиб ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ҳамда инсон капиталига инвестицияларни ошириш устувор вазифалар сифатида қайд этилди. Шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутларни камайтириш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини янада такомиллаштириш муҳим йўналишлар сифатида белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, форумнинг иккинчи қисми 24 сентябрь куни Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида давом этади. Унда ҳудудда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги тегишли объектларга оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этиш режалаштирилган.
Насиба Зиёдуллаева,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА