Жаҳон автосаноатида Хитой етакчиликка чиқмоқда
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган чуқур трансформация жараёнлари саноат тармоқларида ҳам янги тенденцияларни юзага келтирмоқда. Хусусан, стратегик аҳамиятга эга бўлган автомобиль саноатида етакчилик учун кураш янги босқичга кўтарилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, 2025 йил якунлари бўйича Хитой дунёдаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи ва сотувчи мамлакат сифатида биринчи ўринга чиқди. Шу тариқа, қарийб йигирма йилдан ортиқ вақт давомида етакчиликни сақлаб келган Япония бу мавқени бой берди.
Манбаларда қайд этилишича, 2025 йилда япон автомобил ишлаб чиқарувчиларининг жаҳон бўйича умумий сотувлари тахминан 25 миллион дона атрофида шаклланган бўлса, хитойлик ишлаб чиқарувчилар бу кўрсаткични 27 миллионга яқинлаштиришга муваффақ бўлган.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур ўзгариш оддий рейтинг алмашинуви эмас, балки глобал автосаноатда таъсир доираларининг қайта шаклланаётганидан далолат беради.

Айниқса, Хитойнинг етакчиликка чиқишида янги энергия манбаларига асосланган транспорт воситалари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажмининг кескин ошгани муҳим омил бўлмоқда. 2025 йилда бундай автомобиллар экспорти 3,4 миллион донадан ошиб, умумий экспортнинг қарийб ярмини ташкил этгани қайд этилмоқда.
Бу эса тармоқда сифат жиҳатидан янги босқич бошланганини, яъни миқдордан сифатга ўтиш жараёни жадаллашганини кўрсатади.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда Хитой автосаноатида молиявий барқарорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. Илгари катта сармоя талаб этган электр транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи компаниялар эндиликда фойда олиш босқичига ўтаётгани кузатилмоқда. Бу эса тармоқда иқтисодий самарадорликнинг ошганидан далолат беради.
Таъминот занжири иштирокчилари фаолияти ҳам юқори натижаларни кўрсатмоқда. Жумладан, аккумулятор ишлаб чиқариш соҳасидаги йирик корхоналар юқори даромад кўрсаткичларини қайд этмоқда. Шунингдек, дастурий таъминот ва рақамли хизматлар ҳам автосаноатда янги даромад манбаига айланяпти.
Айни пайтда анъанавий автосаноат гигантлари – Европа, АҚШ ва Япония компаниялари янги шароитларга мослашишда муайян қийинчиликларга дуч келмоқда. Айрим компаниялар электр транспорт сегментида зарар кўраётган бўлса, бошқалари бозор улушини сақлаб қолиш учун нарх сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда.

Мутахассислар фикрича, бу ҳолат ўз вақтида қабул қилинмаган стратегик қарорлар билан ҳам изоҳланади.
Хитойда эса илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сармоя киритиш ҳажми изчил ортиб бормоқда. Йирик компаниялар томонидан миллиардлаб маблағларнинг инновацияларга йўналтирилиши келгусида технологик устунликни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Бу жараёнлар фондида жаҳон автосаноатида рақобат мазмуни ҳам ўзгаряпти. Энди автомобиль оддий транспорт воситаси эмас, балки рақамли ва интеллектуал технологиялар мужассамлашган комплекс маҳсулотга айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон учун ҳам мазкур тенденциялар муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда саноатни модернизация қилиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва инновацияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари бу борада янги имкониятлар очмоқда. Автомобилсозлик, электр транспорт, аккумулятор технологиялари ва рақамли ечимлар соҳаларидаги ҳамкорлик икки мамлакат манфаатларига хизмат қилувчи муҳим йўналишлардан бири сифатида намоён бўлаётир.
Хулоса қилиб айтганда, Хитойнинг жаҳон автосаноатида етакчиликка чиқиши янги глобал рақобат даврини бошлаб бермоқда. Бу эса барча мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам замонавий технологияларни ўзлаштириш, халқаро кооперацияни кучайтириш ва миллий саноатни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА