Талаба-ёшларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар тўғрисидаги хабардорлигини ошириш, юрт тинчлиги, Ватан равнақини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган мисли кўрилмаган ютуқларга нисбатан дахлдорлик туйғусини, мафкуравий иммунитетини шакллантириш мақсадида Гулистон давлат педагогика институтида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида маънавий-маърифий расмлар кўрик-танлови ўтказилди.
–Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади.Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этади. “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида маънавий-маърифий расмлар кўрик-танловини ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам аслида шу,–дейди Гулистон давлат педагогика институтининг биринчи проректори Жамолиддин Комилов.

Кўрик-танлов иштирокчиси бўлган талаба-ёшлар юрт тинчлиги, мамлакат ободлиги ҳар қандай маънавий-маърифий таҳдидлардан муҳимлигини ўзларининг турли ўлчамли, турли кўринишдаги ёрқин ва ранг-баранг расмлари орқали ифода этишди. Энг муҳими, улар кўрик-танлов жараёнида ўз иқтидорларини намойиш этишди.

Кўрик-танлов натижаларига кўра, Гулистон давлат педагогика институти Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси факультети 1-босқич талабалари Ҳулкар Эсонова биринчи, Шаҳло Абдураимова иккинчи, Гулсанам Қўшназарова учинчи ўрин соҳиби бўлишди.

Ғолиблар ва иштирокчиларга институт маъмуриятининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири