Жадидлар хотираси ёшларни масъулиятга чорлайди
Қарор ва ижро
Жиззах политехника институтининг Транспорт муҳандислиги факультетида ўтказилган давра суҳбатида қатағон йилларининг оғир манзаралари, ноҳақ таъқиб ва тазйиққа учраган юртдошларимиз тақдири ҳақида сўз борди.
Суҳбат давомида жадид боболаримиз Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Фитрат сингари миллат маърифати ва маънавий тараққиёти учун қалами ва ҳаётини бағишлаган зиёлиларнинг фаолияти ёдга олинди. Уларнинг ўз асарлари орқали халқни уйғотиш, илм-маърифатга чорлаш ва миллий ўзликни англашга даъват этгани ҳақида фикрлар билдирилди.

Айниқса, Жиззах заминидан етишиб чиққан Орифжон Олимжонов, Маҳмудхўжа Хўжаев, Анқабой Худойбахтов, Мамадиёр Аллаёров, Ҳайдарбек Абдужабборов каби юртдошларимизнинг фожиали тақдири талабалар эътиборини тортди. Уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар бир ҳақиқатни яна бир бор эслатди: қатағон нафақат инсонларнинг умрига, балки миллатнинг илм-фани, маданияти ва маънавий салоҳиятига ҳам оғир зарба берган.
Тадбирда тарихий хотирани асрашнинг бугунги кундаги аҳамиятига ҳам алоҳида урғу берилди. Зеро, ўтмишдаги воқеаларни билиш фақат тарихни ўрганиш эмас, балки бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш масъулиятини англашдир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 ноябрдаги “2025-2026 йилларда мамлакатимизда қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида ёшлар ўртасида қатағон қурбонлари ҳаёти ва илмий-маърифий меросини кенг тарғиб қилиш, улар таваллуд топган масканларда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиш белгиланган. Бугунги мулоқот ана шу эзгу мақсадларнинг таълим муассасасидаги амалий ифодаси бўлди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири