Қизил китобга киритилган балиқлар овлангани аниқланди
Мутахассислар томонидан ҳолат ўрганилиб, табиатга етказилган зарар суммаси 37 374 800 сўмни ташкил этганлиги қайд этилган.
Бухоро вилояти Экология бошқармаси ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 14-15 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари ва Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими инспекторлари томонидан тезкор рейд тадбирлари ўтказилди.
Ғиждувон тумани “Оғитма” табиий сув ҳавзасида ўтказилган рейд тадбири пайтида Нива русумли 80Р141LA автомашина тўхтатилган. Автомашина кўздан кечирилганда 5 та қопда лескали тўрлар ва 99 дона балиқ шундан 7 дона Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Туркистон мўйлабдори, 12 дона зоғорабалиқ, 26 дона мойбалиқ, 52 дона товонбалиқ ва 2 дона судак балиқлари борлиги аниқланган.
Мутахассислар томонидан ҳолат ўрганилиб, табиатга етказилган зарар суммаси 37 374 800 сўмни ташкил этганлиги қайд этилган.
Ҳуқуқбузарликни содир этган фуқаролар Т.Ф, О.С. ва Т.Эларга нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб амалдаги қонунчиликка асосан чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.