Бухоро вилоятида ижтимоий кўмакка муҳтож, уйсиз, доимий яшаш манзилига эга бўлмаган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Муқим турар жойга эга бўлмаган, ижтимоий кўмакка муҳтож, ишсиз фуқароларни касбга ўргатиш, иш ва турар жой билан таъминлаш, уларнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида турар жойга эга бўлмаган фуқароларни вақтинча яшашлари учун “Ижтимоий ётоқхоналар” ташкил қилинган. Бу тоифа фуқаролар ушбу масканларга жойлаштирилиб, муносиб яшаш ва иш шароитлари яратиб берилмоқда.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизматининг хабарига кўра, доимий турар жойига эга бўлмаган, оиласидан ажрашган, 3 нафар фарзанди билан Қоракўл тумани Табиблар кўчасида ташкил этилган “Ижтимоий ётоқхона”да вақтинчалик яшаш учун жойлаштирилган, 1976 йилда туғилган аёл Ж.З. давлатимизнинг қўллаб-қувватловини оёқости қилиб, ғаразли ва паст ниятларда, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида афсуски, қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 18 февраль куни тахминан соат 16:45 ларда “Ижтимоий ётоқхона”нинг ўзи ва фарзандларига ажратиб берилган хонасида 40 минг сўм пул эвазига фуқаролар – Ж.М. ва А.Н.нинг жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб берган. Фуқаро фоҳишахона ташкил қилганлиги туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими томонидан Ж.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-модда 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА