Хабар берганимиздек, Қашқадарё вилояти прокуратурасида Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ушу-санда бўйича жаҳон чемпиони, MMA жангчиси Элбек Раҳимов ўлдириб кетилгани билан боғлиқ мудҳиш қотиллик жинояти тафсилотлари хусусида Ўзбекистон Бош прокуратураси, Олий суд ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Элбек Раҳимов билан боғлиқ қотиллик ва бугунги кунда бутун республикамиз бўйлаб юз бераётган бошқа жиноятлар, уларга кўрилаётган чоралар, ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича назоратни кучайтириш юзасидан ахборот берилди.
Шундан сўнг ОАВ вакиллари мазкур жиноят бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоб олди.
[gallery-3491]
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берар экан, ушбу воқеаларни ёритишда ёки ижтимоий тармоқларга жойлашда масаланинг бошқа томонларига ҳам эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди.
– Айни муҳокама қилинаётган жиноят ишига алоқадор тасвирларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиши, жабрланувчининг яқинлари дилини вайрон қилиб, ёшларнинг руҳиятига салбий таъсир қилиши шубҳасиз, – деди Ниғматилла Йўлдошев.
– Таъкидлашим лозимки, аҳоли орасида ваҳима ва шов-шув тарқалишига олиб келадиган, ёшлар ўртасида бузғунчи ғояларни тарғиб қилишга қаратилган ўзида зўравонлик ва шафқатсизликни ифодаловчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш жавобгарликни келтириб чиқаради.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА